Ўзбeкистон дeлeгацияси АҚШда учрашувлар ўтказади

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШга амалий ташрифи доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий, молиявий ва инвестиция алоқаларни ривожлантиришга доир қатор тадбир ва учрашувларда иштирок этади.
Делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари, “Ўзбектелеком” АЖ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Инфинбанк” АТБ, “Тошкент” РФБ, “Ўзавтосаноат” АК, “Марказий депозитарий” ДК, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Асака” АТБ, “ЎзРТХБ” АЖ ҳамда мамлакатимиз етакчи хусусий акционерлик компанияларининг 20 дан ортиқ вакиллари ўрин олган.
Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги Элчихонаси берган маълумотга кўра мазкур ташрифдан кўзланган мақсад – АҚШ маъмуриятининг қатор вазирлик ва идоралари, Жаҳон банки гуруҳи раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш, йирик корпорация ва компаниялар, ҳеж-фондлар, инвестицион банклар ва халқаро молиявий институтлар билан алоқаларни йўлга қўйиш, Америка бизнесининг мамлакатимиздаги давлат ташкилотларини хусусийлаштириш ва модернизация қилиш дастурида иштирок этиши бўйича истиқболли режаларни муҳокама қилишдан иборат.
Ташриф доирасида АҚШ маъмурияти ва Конгресси аъзолари, етакчи таҳлил марказлари экспертлари ҳамда Америка молия корпорациялари, консалтинг ва юридик фирмалари вакиллари учун Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилади.
Вашингтонда Икки томонлама савдо-саноат палаталари халқаро иттифоқида ўтказиладиган “Диний эркинликлар орқали барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни илгари суриш” мавзусидаги шўъба муҳокамасида Ўзбекистон делегациясининг иштироки ҳам режалаштирилган. Тадбирда диний эркинликларни таъминлаш масалалари мамлакатимизда савдо-инвестицион жозибадорликни оширувчи муҳим факторлардан бири сифатида қайд этилади.
Нью-Йорк шаҳрида “Ўзбекистон капитал бозорининг имкониятлари” инвестиция форумини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, форум АҚШ инвесторлари, етакчи фонд биржалари ва регуляторлари билан яқин шерикчилик алоқаларини йўлга қўйиш ва улар билан муайян икки томонлама лойиҳалар бўйича келишувларга эришишга имкон беради. Ушбу тадбирда стратегик, институционал ва портфел инвесторлари қаторига кирувчи АҚШ компаниялари ва фирмалари вакиллари иштирок этади .
Ташриф давомида қатор икки томонлама учрашувлар, хусусан, Оқ уй маъмурияти, Давлат департаменти, Ғазначилик ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги мансабдор шахслари билан музокаралар ўтказилади. Конгрессда Сенат ва Вакиллар палатасининг “Ўзбекистон бўйича Кокус” аъзолари билан учрашув ташкил этилиб, АҚШ Молиявий хизматлар соҳасини тартибга солиш хизмати, Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси раҳбарияти, Жаҳон банки гуруҳи бошқарувчи таркиби вакиллари ва Халқаро молия корпорацияси экспертлари билан мулоқотлар уюштирилади.
Нью-Йорк шаҳрида Нью-Йорк фонд биржаси ва юқори технологик компаниялар акцияларига ихтисослашган NASDAQ биржаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилади. Ўзбекистон вакиллари Нью-Йорк фонд биржасида биржа савдолари очилиш маросимида иштирок этади.
Ташриф чоғида қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

 

ЎзА