Ўзаро ҳамкорликнинг ижобий натижалари нафақат икки мамлакат равнақига, балки бутун минтақа тараққиётига ҳам хизмат қилмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон – Хитой муносабатлари барча соҳаларда жадал ривожланмоқда. ЎзА мухбири кенг қиррали ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳақида Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним билан суҳбат уюштирди.
– Элчи хоним, сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан минтақада тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш, изчил тараққиётга эришиш бўйича илгари сурилаётган халқаро ва минтақавий ташаббуслар ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Президент Шавкат Мирзиёев халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг турли тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда ва муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.
Минтақада тинчликни қарор топтириш масаласига келадиган бўлсак, 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусни эсламасликнинг имкони йўқ. Унинг асосида БМТнинг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинган эди.
Ўзбекистон Президенти қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва шерикликни ривожлантириш тарафдори бўлгани ҳолда, Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалар ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни қатъий илгари сурмоқда. Чегаралар, сув ресурсларидан фойдаланиш каби минтақада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айнан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтган эди. Бу минтақа мамлакатлари ҳамкорлигида янги саҳифа очди.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарининг “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида диний бағрикенглик, ёшлар масалалари, минтақада тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббусларини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.
– Ҳозирги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида қандай фикрдасиз?
– Ўзбекистон Президенти Хитойда узоқни кўра биладиган, қатъиятли ислоҳотчи сифатида танилган. Сўнгги икки ярим йил ичида Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида турли соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, бу борада ёрқин натижаларга ҳам эришилди.
Бу жараёнда халқ манфаатлари ҳамиша эътибор марказида бўлиб келмоқда. Президент Халқ қабулхоналари ташкил этилди, коррупцияга қарши кураш олиб борилмоқда, давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлиги мониторинг қилинмоқда. Таълим тизими такомиллаштирилиб, ойлик маошлар ва пенсиялар бир неча бор оширилди, хотин-қизлар ва болалар билан ишлаш, миллий маданият, тарихий меросни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон иқтисодиёти янада очиқ ва шаффоф бўлди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланмоқда. Айниқса, инвестиция муҳитининг сезиларли яхшиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунинг самарасида Ўзбекистонга кенг кўламли хорижий, жумладан, Хитой инвестициялари ҳам кириб келмоқда. Мамлакат хорижий давлатлар билан мулоқотни фаол тарзда йўлга қўйди, қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилади ва халқаро майдондаги ўз позициясини янада мустаҳкамлади.
Шаҳар кўчалари бўйлаб сайрга чиққанимда, атрофимдаги инсонларнинг турмушидан мамнунлигини кўраман. Ишончим комилки, Ўзбекистонни янада ажойиб истиқболлар кутмоқда. Хитой, Ўзбекистоннинг самимий дўсти сифатида давлат бошқаруви соҳасида ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга ҳамда мамлакатни модернизация қилишда яқиндан ҳамкорликка тайёр.
– Олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасида бўлди. Ушбу ташриф доирасида халқаро ҳамкорлик бўйича “Бир макон, бир йўл” биринчи халқаро форумида иштирок этди. Ушбу йирик тадбир якунлари бўйича кўплаб келишувларга эришилди.
2018 йилда Ўзбекистон давлат раҳбари ШҲТнинг Циндао саммити доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Икки мамлакат раҳбарлари Хитой – Ўзбекистон стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ШҲТни янада ривожлантириш бўйича янги келишувларга эришди.
Жорий йилда Шавкат Мирзиёев “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумида иштирок этиш учун Хитойга ташриф буюрди. Ушбу ташриф давомида давлат раҳбарлари яна бир бор учрашишди ва унинг доирасида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган янги вазифалар белгилаб олинди.
Олий даражали мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорликда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унинг ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Нефть-газ, гидроэнергетика, қишлоқ хўжалиги, гуманитар соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилди. Турли соҳалар бўйича делегациялар алмашинуви жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда етиштирилган гилос ва мошни Хитойга экспорт қилиш йўлга қўйилди.
Маълумотларга кўра, ўтган йили Хитой Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкори сифатидаги ўз ўрнини сақлаб қолган. Жорий йилнинг май ойида Тошкентда мактабгача таълим соҳасида Ўзбекистон – Хитой форуми бўлиб ўтди. Шунингдек, археология, туризм, илмий-техник соҳаларда ҳам икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бормоқда. Тошкентда Фармацевтика илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилгани ҳам фикримизга мисол. Мунтазам равишда археологик топилмалар кўргазмалари ўтказиб келинмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонга ташриф буюраётган хитойлик сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Энг қувонарлиси, ушбу эришилган барча натижалар икки мамлакат равнақига хизмат қилиш баробарида бутун минтақа учун ҳам бирдек манфаатли бўлмоқда.

 

Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА