Кеча, 14 июль куни Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий қисмлари ўртасида Қувноқлар ва зукколар ўйинининг иккинчи – округ босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати хабар берди.

Ҳарбийча ҳазил-мутойиба кечаси қизғин баҳслар, муросасиз беллашувлар билан ўтди. Аскарлардан таркиб топган тўртта жамоа ижросидаги сатирик саҳна кўринишлари, акробатик усулларда бажарилган мураккаб ва қизиқарли элементлар, ҳазиломус чиқишлар билан публикани лол қолдирди.

Айниқса, Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида жойлашган ҳарбий қисмнинг “Қалқон” жамоаси томонидан ҳарбийча ҳаётни, аскарликда учрайдиган айрим муаммоларни ҳазилга олиб маҳорат билан кўрсатиши йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларининг “Шимол бургутлари” жамоалари ҳам ҳарбий хизматга келганига бир неча ҳафта ўтганига қарамай армиянинг ҳазилларини иштирокчиларга ўзгача тарзда олиб чиқишди.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмнинг “Танкаси бор жентельменлар” жамоа аскарлари эса ўз жисмоний тайёргарлигини акробатик усуллар ёрдамида намойиш қила олишди.

Ўйин учта шартдан иборат бўлди: саломлашув, видеомусобақа (ҳарбий хизматга чақирув ҳақида), уйга вазифа (ҳарбийча ҳаёт тўғрисида эртак).

Якуний натижаларга кўра “Қалқон” жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказиладиган финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи поғонани “Танкаси бор жентельменлар” эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Нукус гарнизонининг сафарбарлик чақируви резерви батальонининг “Шимол бургутлари” жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.