"Chevrolet" Ўзбекистонни тарк этадими?

3-4 июль кунлари “Ўзавтосаноат” АК ҳамда “UzAuto Motors” АЖ томонидан медиа-тур ташкил этилди.
Медиа-тур давомида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган йигирмага яқин ОАВ ходимлари икки кун давомида Фарғона водийсида жойлашган завод ва корхоналарда бўлиб, Ўзбекистонда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, маҳаллийлаштириш дастурининг яқин истиқболдаги режалари билан танишди.
Медиа-турга Асакадаги “UzAuto Motors” заводида ташкил этилган матбуот анжумани якун ясаб берди. Унда иштирок этган “UzAuto Motors” АЖ бош директори в.в.б. Рустам Ражабов ОАВ ходимларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарди.
– Сўнгги йилларда General Motors компанияси томонидан бир қатор автозаводлар сотиб юборилди. Чунки охирги пайтларда GM компанияси анча зарар билан ишлаётганди. Молиявий йўқотишларни камайтириш мақсадида компания хориждаги заводларини сота бошлади.
photo5253547964780096359.jpg
Жумладан, Малайзиядаги йирик завод, шунингдек Европа давлатлари ҳудудларидаги заводларни ҳам сотди. Натижада компаниянинг иқтисодий аҳволи ижобий томонга ўзгарди. Улар ўтган йилиёқ “GM Uzbekistan”даги акцияларини, яхши биласиз заводнинг 25 фоиз акцияси GMга тегишли эди, шуни Ўзбекистонга сотишга қарор қилди.
Бу нимани англатади, эндиликда Ўзбекистон автомобилсозлик саноатида ҳеч кимга қарам эмас. 1 июлдан эса “GM Uzbekistan” расман “UzAuto Motors” АЖга айлантирилди. Бироқ, GM Ўзбекистонни тарк этгани билан биздаги автомобиль ишлаб чиқариш технологияси General Motors компанияси стандартлари бўйича давом эттирилаверади. Яъни, ички бозорга автомобиллар Chevrolet бренди билан ишлаб чиқарилишда давом этади, аммо экспортга чиқарилаётган маҳсулотлар эса Ravon бренди остида ишлаб чиқарилади ва ўз эгаларига етказиб берилади.
photo5253547964780096360.jpg
Таъкидлаш жоиз, медиа-тур доирасида ОАВ ходимлари UzSangvu, Avtooyna, Uz-Chasys, Uz-Koji, UzDongVon ҳамда UzAuto Motors заводларига сафар қилди.
Тафсилотлар билан таништиришда давом этамиз.

 

ЎзА