Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузиш таклифи берилди

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича кўламдор ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони ҳам бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди.
Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланган бир вақтда юртимизда бу борада амалга оширилаётган ижобий ишлар нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари, ЮНИСЕФ каби нуфузли халқаро ихтисослашган муассасалар томонидан эътироф этилиб, юқори баҳоланмоқда.
Эътиборлиси, юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни замонавий уй-жойлар билан таъминлаш бўйича янги тизим яратилди. Ана шу тизим асосида 1 минг 564 хотин-қиз нафақат уй-жойга, балки иш ўринларига ҳам эга бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида Ўзбекистон аёллари ҳақида яна бир бор илиқ фикрларни билдирди. “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу, аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир”, деди давлатимиз раҳбари. Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланиши ҳақидаги фикр ҳам бежиз айтилмаган.
Бугунги кунда олий вакиллик органи ҳисобланган Олий Мажлис Сенатида – 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида – 21 нафар депутат аёл фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий Кенгашларда эса халқ вакилларининг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади. Мингдан ортиқ аёл маҳалла фуқаролар йиғинини бошқариб келмоқда.
Президентимиз томонидан мазкур тадбирда парламентда ва маҳаллий Кенгашларда хотин-қизлар улушини кўпайтириш, ижтимоий шароити оғирларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, иш билан таъминлаш масалаларида нодавлат ташкилотларнинг иштирокини фаоллаштириш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун шароит яратиш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш, албатта, хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, ижтимоий нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузиш таклифини берди. Бу тузилма, албатта, мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга кенг имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги глобаллашув жараёнида “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Мазкур жараёнларда депутатлар ҳам фаол иштирок этиб, ҳар бир моддаси тўғридан-тўғри ишлайдиган, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчилик туғдирмайдиган халқчил қонунлар яратилишида ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
Мавлудахон ХЎЖАЕВА, 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 

ЎзА