“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг икки нафар ҳарбий хизматчиси “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йил август ойидан эътиборан Миллий гвардия мамлакат Қуролли Кучлари таркибидаги мустақил қўшин тури сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Миллий гвардия жамоат ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини турли террорчилик таҳдидларидан, жиноий ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, ўта муҳим тоифаланган давлат ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш каби қатор вазифаларни бажаради.
Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилаётган барча йигитлар қатори Элёр Машарипов, Ҳасанжон Қаландаров ҳам билими, иқтидори, ташаббускорлиги, самарали меҳнати билан Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан бу икки жасур йигитга “Мард ўғлон” давлат мукофоти топширилди.
Элёр МАШАРИПОВ.JPG
Элёр МАШАРИПОВ, 
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий қисм гуруҳ катта офицери:
– Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Манғит шаҳарчасида педагоглар оиласида туғилганман. Ота-онам, акаларим ва опаларим шу шарафли касбни танлаган. Мактабни тугатиб, Чирчиқ олимпия захиралари коллежида ўқидим. Ўша йиллари дзюдо бўйича Ўзбекистон, Осиё чемпиони бўлдим, халқаро турнирларда ғолибликни қўлга киритдим. Нукус давлат педагогика институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиндим. Нукус спорт коллежида мураббий сифатида ишладим. Ҳар бир йигитнинг орзуси Ватанга садоқат билан хизмат қилишдир. Менга шундай бахт насиб этди. Бугун Миллий гвардия ҳарбий хизматчисиман.
Давлатимиз раҳбарининг юксак ишончи билан “Мард ўғлон” давлат мукофотига муносиб кўрилдим. Бу мукофот Президентимизга, халқимизга мардонавор хизмат қилиш йўлида бизга зўр куч-ғайрат, илҳом бағишлайди.
Ҳасанжон ҚАЛАНДАРОВ.jpg
Ҳасанжон ҚАЛАНДАРОВ, 
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий қисм гуруҳ командири:
– Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 16-умумтаълим мактабида ўқиб юрганимда ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қилардим. Ҳарбийлар билимли, зукко ва жисмонан кучли бўлиши кераклигини ҳис қилган ҳолда ўз устимда тинмай ишлардим. Синглим Зуҳра билан ким энг билимли, ким энг ақлли, деб беллашардик. Спорт билан шуғулланишни ҳам канда қилмасдим. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, ҳарбий техника йўналишидаги Фарғона академик лицейида таҳсил олдим. Сўнг Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ўқидим. Турли мусобақа ва кўрик-танловларда фаол қатнашдим.
Миллий гвардияда хизмат қилиш ҳам шараф, ҳам масъулият. “Мард ўғлон” давлат мукофоти бизга катта масъулият юклайди. Албатта, бу юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА