Россия, Япония, Ҳиндистон ва Мўғулистондаги сув тошқинларида 700 минг аҳоли жабр кўрган

Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, сўнгги кунларда Жанубий-шарқий Осиё, шунингдек, Россия ва Мўғулистон мамлакатларида кузатилаётган кучли ёғингарчилик ҳудудлардаги сув тошқинларини келтириб чиқармоқда.
Хусусан, Россиянинг Иркутск вилоятининг 5 та туманини сув босган. Мамлакат фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотига кўра, ҳудуддаги табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20 тага етган, 650 га яқин аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Япониянинг Кюсю оролида юз бераётган кучли ёғингарчилик оқибатидаги сув тошқинларида ҳукумат буйруғи билан 800 минг киши эвакуация қилинган.
Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш, Мадхя-Прадеш ва Махараштра штатларида кучли ёғингарчилик 40 га яқин киши ҳаётига зомин бўлган. 30 га яқин киши бедарак йўқолган. Жумладан, сув тошқинларида Мумбай, Тхана ва Пуна шаҳарларидаги бино деворларининг қулаб тушиши оқибатида 25 киши ҳалок бўлган.
Мўғулистоннинг Хэнтий провинциясида кузатилаётган кучли ёғингарчиликлар мамлакат аҳолиси учун ноқулайликлар пайдо қилмоқда. Маҳаллий метрология хизмати хабарига кўра, ҳудуддаги ушбу ноқулай иқлим шароити 4 июль кунигача давом этади. 5 июль куни мамлакатда ўртача ҳаво ҳарорати 30 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда.

 

Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА