Йилнинг энг фаол журналистлари тақдирланди

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Пойтахтимизда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг фаол журналисти“ республика ижодий танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур тадбирга турли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, барча турдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, устоз журналистлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, танлов ташкилий қўмитаси раиси Саъдулла Ҳакимов ва бошқалар юртимизда миллий журналистика соҳасини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрларнинг ижодий, касбий салоҳиятини юксалтириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. Бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари оммавий ахборот воситалари ходимлари янада эркин, самарали ижод қилиши, халқимиз учун долзарб бўлган мавзуларни дадил кўтариб чиқиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
12.JPG
Бугунги шиддатли ислоҳотлар даври соҳа ходимларидан янада фаол ва ташаббускор, изланувчан бўлишни, ўз истеъдодини Ватан, миллатимиз, жамият манфаатлари йўлида сафарбар этишни, фидойиликни, касбга садоқатни талаб этмоқда. Шу билан бирга холислик, тезкорлик, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини одамларга теран, таъсирчан тарзда тушунтириш, касбий маҳорат журналистларимиз фаолиятининг энг устувор жиҳатларига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан бир неча йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол журналисти“ ижодий кўрик-танлови соҳанинг фаол ва фидойи ходимларини аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, журналистларни янгидан-янги ижодий марралар сари руҳлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Танловда иштирок этиш истагида мамлакатимизнинг барча турдаги оммавий ахборот воситаларининг 200 нафарга яқин ходимидан кўплаб ижодий ишлар келиб тушди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан ижодий ишларнинг долзарблиги, мавзунинг юксак даражада профессионал ёритилгани, ижтимоий аҳамияти, журналистнинг фаол фуқаролик позициясини намоён эта олиши каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилди. Улар орасидан ижодий ишлари энг яхши, деб топилганларга танловда ғолиб ва совриндорлик насиб этди. Эътиборга молик жиҳати, ғолиб ва совриндорлар орасида барча турдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Шу билан бирга, юртимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳиллик, бағрикенглик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мавзусини фаол ёритаётган журналистлар ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
17.JPG
– Бундай танловда ғолиб бўлганимдан ғоят мамнунман, – дейди “Ўзбекистон 24“ телеканали катта муҳаррири Навбаҳор Каримова. – Бугун юртимизда кечаётган ғоят шиддатли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, халқимиз, жамиятимиз ҳаётида кечаётган туб ижобий бурилиш даврини борича акс эттириш журналистлардан катта билим, маҳорат, ғоят тезкорлик, замон билан ҳамнафас бўлишни талаб этмоқда. “Йилнинг энг фаол журналисти“ республика кўрик-танлови бу борадаги изланишларимизни қўллаб-қувватлашда, ўз фаолиятимизга теран нигоҳ билан, чуқур таҳлилий назар ташлаш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
– Бугунги даврда кечаётган улкан ўзгаришлар олис ҳудудларда ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси катта муҳаррири Гўзал Якудаева. – Ана шу ўзгаришлардан илҳомланиб, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёни ва Орол муаммосини бартараф этишга бағишланган туркум эшиттиришлар тайёрладим. Кечаётган ўзгаришларга ҳамнафас, ҳамқадамлик, билдирилаётган юксак ишончга муносиблик масъулиятини ҳис этиш бугунги кун журналисти зиммасидаги асосий вазифадир. Бу каби танловлар ижодий парвозимнинг тобора юксак бўлишига хизмат қилади.
Тадбирда “Йилнинг энг фаол журналисти“ республика кўрик-танлови ғолиблари ва совриндорларига эсдалик совғалари ва дипломлар тантанали равишда топширилди. Танлов иштирокчилари миллий журналистикамизни равнақ топтириш йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.

 

Назокат УСМОНОВА, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА