Давлатимиз раҳбари Олмазор туманида бунёд этиладиган Ғалаба боғи лойиҳаси билан танишди

Шавкат Мирзиёев жорий йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келгуси йили Ғалабанинг 75 йиллиги байрами олдидан Тошкент шаҳрининг энг кўркам масканларидан бирида ушбу шонли санага бағишлаб улкан Ғалаба боғи барпо этилишини таъкидлаган эди. 
Президентимиз топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида пойтахтимизнинг Олмазор тумани Шифонур, Қорақамиш, Зиё ва Келес йўли кесишмасида жойлашган 11,6 гектар майдонда Ғалаба боғи барпо этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Олмазор туманига ташрифи доирасида Ғалаба боғи лойиҳаси ва қурилиш концепцияси билан танишди.
Ушбу боғни барпо этишдан мақсад ёшларда тарихимиз ва маданиятимиздан ғурурланиш туйғусини кучайтириш, Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ва Ватан равнақи йўлида фидокорона курашган қаҳрамонларимиз номини абадийлаштиришдан иборат.
Боғнинг асосий кириш қисмида рамзий Ғалаба аркаси ўрнатилиши кўзда тутилган. Собир Раҳимов ҳайкали жойлаштирилган ҳудуднинг олд қисмида енгил конструкцияли амфитеатр, тадбирлар ўтказиладиган катта саҳна ўрнатилиши мўлжалланмоқда.
Ҳарбий жанг ва техникалар ҳудудида траншея ташкил қилиниб, мазкур қисмга блиндаж, жангчилар, экипаж ва ҳисоблар истеҳкомлари жойлаштирилади, Шунингдек, траншеянинг уст қисмида ҳақиқий жанг майдони муҳитини очиб бериш мақсадида Иккинчи жаҳон уруши ва ҳозирги даврдаги ҳарбий техникалар, артиллерия қуроллари, зенит қурилмалари, қурол-аслаҳалар ва моддий таъминот техник воситалари макети жойлаштирилади.
2.jpg
Ҳарбий тайёргарлик, спорт ва сайлгоҳ ҳудудида очиқ спорт майдончалари ва ташриф буюрувчилар сайр қиладиган жойлар, аҳоли, хусусан, ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида спорт майдончалари жойлаштирилади.
Боғ ҳудудида музей, кутубхона, Wi-Fi зона, амфитеатр ва кинотеатр ташкил этилади.
Ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш фарзанди ҳамда бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси ўрнатилади.
3.jpg
Бундай масканлар ёшларга халқимиз тарихи, маънавияти ва маданияти ҳақида яққол таассурот бериши лозим, шунинг учун боғ концепциясини пухта ўйлаб чиқиб, бунёдкорлик ишларини амалга оширишимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Бадиий академия, Тошкент шаҳар ҳокимлигига тарихчилар ва жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, Ғалаба боғининг концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
4.jpg
5.jpg

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА