Сенатор: “Аҳоли ҳузурига галстуксиз бориш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман”

Бошқа яна бир сенатор деҳқонлар ҳузурида деҳқончасига юрганини айтди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузасида халқимиз ҳаётига дахлдор долзарб масалаларга эътибор қаратилди.
Айниқса, ҳаётимиздаги улкан миқёсдаги иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда миллий парламентимиз – Олий Мажлис ва унинг юқори палатаси бўлмиш Сенатнинг, сенаторларимизнинг фаолияти ғоят муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Сенат деганда, биринчи навбатда, миллий парламентимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маданий салоҳиятини амалда намоён этадиган, халқ манфаатларининг чинакам ифодачиси ва ҳақиқий ҳимоячиси бўлган катта бир кучни тасаввур қиламиз, деб алоҳида қайд этди.
Дарҳақиқат, парламент юқори палатаси мамлакатимиз ҳаётидаги барча жараёнларда етакчи ўрин тутиши, таъсирчан парламент назоратини олиб бориши, жойларга чиқиб, аҳолини қийнаётган, безовта қилаётган муаммоларни ўрганиш, уларни ҳам қонуний, ҳам амалий нуқтаи назардан ҳал қилиши зарур.
Шу нуқтаи назардан кейинги бир-икки йилда сенаторлар фаолиятида жонланиш кузатилди, албатта. Уларнинг жойларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқоти кўлами кенгайди. Сенаторларни, шу жумладан, депутатларни одамлар таний бошлади.
Президентимиз Сенатдаги чиқишида бу ҳали етарли эмаслиги, одамларни қийнаётган муаммолар кўплигига эътибор қаратиб, халқ дардига дармон бўлиш, уларнинг асл дардини тушуниш учун уларга янада яқинроқ бўлиш даркорлигига алоҳида урғу берди. Одамлар дардини англаш учун уларнинг олдига галстуксиз, сенаторлик нишонисиз бориш керак, деган фикр билдирилди.
Бу билан давлатимиз раҳбари оддий одамлар дардини ҳис қилиш учун, аввало, улардай бўлиш кераклигини уқдириб ўтди. Чунки шикаста қалб эгаси ўз қалбдошини кўрмагунча дардини бўлаша олмаслиги мумкин.
Ялпи мажлисдан сўнг билдирилган шу каби мулоҳазалардан кейин сенаторлар фикри билан қизиқдик.
– Президентимиз ҳар бир чиқишида мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг дардини, орзу-умидини яхши билган ҳолда уларни амалга оширишга оид янги-янги ғояларни илгари суради, – дейди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Толибжон Мадумаров. – Биз ҳам халқ манфаатига қаратилган ғояларни амалга оширишга камарбаста бўлишга интиляпмиз. Бироқ, Давлатимиз раҳбари билдирган фикрлардан кейин ҳали камчиликларимиз кўплигини тушундик. Одамларни фақат эшитиш эмас, уларнинг дардини ҳис қилиш учун ҳар бирининг ёнига оддий одам бўлиб боришимиз, яъни галстукни, сенатор нишонини ечган ҳолда боришимиз кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Дарҳақиқат, қандай вазифа ва ваколат эгаси бўлишимиздан қатъий назар, ҳар биримиз, аввало, оддий одаммиз. Шу фикрдан кейин дардини айта олмаётган қанча кишилар борлиги ҳақида ўйладим ва бу мени қаттиқ безовта қилди. Кейинги фаолиятни кўпроқ шу йўсинда олиб боришни ният қилдим. Ўзи навбатида, Давлатимиз раҳбарининг дилимиздаги айрим мулоҳазаларни тилга олгани, яъни бевосита сенаторларнинг Президентга ташаббус билан чиқишни йўлга қўйишга оид фикри бизни жуда руҳлантирди. Бу бизга бўлган катта ишонч ҳамдир.
Сенат ялпи мажлисидаги чиқишида Президентимиз об-ҳавонинг ноқулай келгани, айниқса пахта эккан фермерлар бугун ёрдамга муҳтож эканини тилга олди. Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев билан шу ҳақда мулоқот қилиш мақсадида боғланганимизда у ялпи мажлис тугаши билан вилоятларга чиқиб кетганини маълум қилди.
Сенатор билан телефон орқали суҳбатимизда у Хоразм вилоятида деҳқонлар ҳузурида деҳқончасига юрганини айтди.
– Президентимиз ялпи мажлисдаги нутқида аграр соҳадаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. – дейди Б.Тожиев. – Дарҳақиқат, баҳорнинг серёғин келган деҳқончиликка анча путур етказди. Бугун агротехник тадбирларни кучайтириб, деҳқонларга елкадош бўлишимиз зарур. Шу мақсадда қўмитамиз аъзоларининг вилоятлар бўйлаб сафарлари ташкил этилди. Ҳар бир фермер ҳузурида бўлиб, мавжуд аҳволни чуқур ўрганиб, қандай ёрдам зарур бўлса беришимиз керак. Ўз навбатида, парламент назоратидан унумли фойдаланиб, ерлардан қандай фойдаланилаётгани ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Турли сабабларга кўра ҳокимликлар тасарруфига ўтиб кетаётган ер майдонларини ҳақиқий эгаларига бериш, деҳқончиликни ривожлантириш орқали халқимиз дастурхонини тўкин қилиш учун барча имкониятларни ишга соламиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган янги вазифалар Сенатда янги ёндашув асосида фаолиятни давом эттиришга катта туртки берди. Натижаларни кузатиб борамиз.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА