Абитуриентлардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2019/2020 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул жараёнидаги янгиликларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Мажид Каримов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов қатнашди.
– Олий таълим муассасаларига қабул қилишда ногиронлиги бор шахсларга ҳамда ҳарбий хизматдан тавсиянома билан қайтганлар учун алоҳида квота ажратилган. Бу ажратилган умумий квоталарга таъсир қилмайди. Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида улардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди, – деди олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов.
Қатор олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг жойлашиши ва яшаш жойидан қатъи назар, онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали ёки Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёрдамида ҳужжат топшириш имконияти яратилган.
Абитуриентлар Тошкент давлат юридик университети, Қорақалпоқ, Гулистон, Фарғона ва Самарқанд давлат университетларига ҳужжатни соддалаштирилган тартибда топшириш имкониятига эга.
ДХМлар орқали ҳужжат топшириш учун 2 та ҳужжат кифоя. Булар – фуқаролик паспорти (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома), умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан). Имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши лозим.
Тошкент давлат юридик университетидан ташқари қолган 4 та университетнинг ўзига бориб ҳам ҳужжат топшириши мумкин.
Давлат тест маркази директори М.Каримов таъкидлашича, бу йил тест синовлари 69 катта сиғимдаги биноларда ўтказилади. ОТМга қабул учун тест имтиҳонлари ўтадиган биноларга ўрнатилган кузатув камералари сони кўпайтирилади. Тест синовларига тақиқланган нарсаларни олиб киришнинг олдини олиш чоралари кучайтирилади.
Бу йил абитуриентлар яшаш жойидан туриб республикамизнинг исталган ҳудудидаги 3 тагача ОТМга ҳужжат топшириши ва тест имтиҳонидан ҳам ўз ҳудудидаги белгиланган жойда ўтиши мумкин. Фақат улар рўйхатга олинаётганида қаерда тест топширмоқчилигини кўрсатиши шарт. ДТМ сайтида ҳар бир абитуриентга персонал кабинет бўлади.
Ўтган йили тест жараёни бўлиб ўтаётган баъзи биноларга белгиланган вақтдан кечикиб келган абитуриентлар киритилгани ҳолда, айрим вазиятларда 1 дақиқа кечикканлар синовлардан четлатилган ҳолатлар ҳам кузатилган.
Бу йил тест синовлари бўлиб ўтаётган бинога ўз вақтида кириш талаб этилади. Фақат бу ҳудудга, агар тест жараёни бошланмаган бўлса, бир-неча дақиқа кечикиб келганлар киритилиши мумкин.
Абитуриентлар тест топширган куннинг эртасига имтиҳон натижалари ҳақида маълумот олиши мумкин. Ўқишга кирган ёки кирмаганини эса барча тестлар якунланганидан бир ҳафта ўтгач билиш имкони бўлади.
Республикамиз олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари 25 июль – 20 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА мухбири