Меҳнат муносабатлари, атом энергияси, овчилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари депутатлар томонидан кўриб чиқилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
2019 йил 13 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.
Депутатлар ишни қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишдан бошладилар. Таъкидлаш лозим, мазкур қонун лойиҳаси меҳнат муҳофазаси масалалари, бандлик соҳасида белгиланган кафолатларни таъминлаш ҳамда вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Қайд этиш жоизки, ушбу лойиҳа қўмиталарда муҳокама қилинганда кўплаб тортишувларга сабаб бўлган ҳамда қатор нормалар юзасидан депутатлар ўз таклифларини киритган эдилар. Шу сабабли ҳам мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан шу мазмундаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш билан боғлиқ амалиёт чуқур ўрганилди, статистик маълумотлар таҳлил қилинди. Натижада қонун лойиҳасини киритган ташаббускорнинг бир қатор таклифлари асоссиз деб топилиб, унинг қатор моддаларига жиддий ўзгаришлар киритилди.
Жумладан, қонун ташаббускори томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисида ваколатли давлат органининг кўрсатмасини бажаришдан бўйин товлаганлик, ўз вақтида ёки тегишли равишда бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш ҳамда бу ишларни кўриб чиқиш ваколатини Давлат меҳнат инспекциясига беришни белгилаш таклиф этилган эди.
Депутатларнинг асослантирилган таклифига биноан бундай маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судларга ўтказилди. Парламент вакилларининг таъкидлашича, жазолаш ваколатини назорат қилувчи орган ихтиёрида қолдирилиши ушбу соҳада коррупция ҳолати юзага келиш эҳтимолини кучайтиради.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасининг дастлабки ҳолатида авваллари кўзда тутилмаган янги, яъни ишга қабул қилишни расмийлаштириш тартибини, иш ўринларининг меҳнат шароити бўйича аттестацияни ўтказишга доир қонун ҳужжатлари талабларини, ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини ўрганиш ҳамда ҳисобга олиш талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликларни белгилаш таклиф этилган эди.
Депутатларнинг фикрича, тараққиётнинг янги босқичида, жиноий ва маъмурий жавобгарлик либераллаштирилаётган бир шароитда яна янги жазо чораларини жорий этиш ислоҳотлар моҳиятига зид ҳисобланади. Муҳокамалар давомида депутатлар унинг нормаларини такомиллаштириш юзасидан кескин танқидий фикр-мулоҳазалар билдириб, бир қатор амалий таклифларни баён қилдилар. Шу боис, ушбу таклифларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди ва янада маромига етказган ҳолда навбатдаги мажлисда қайта кўриб чиқиладиган бўлди.
Шундан сўнг депутатлар “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг депутатлар, соҳа мутахассислари ва манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар вакиллари томонидан билдирилган таклифлар асосида янада такомиллаштирилганлиги таъкидланди.
Хусусан, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, мазкур соҳани давлат томонидан тартибга солишда қатнашувчи бошқарув ва назорат органлари (оператор ва регулятор), шунингдек, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги лицензияланадиган фаолият турлари, лицензиялаш учун қўйиладиган асосий талаблар янада аниқ қилиб белгиланди. Соҳада амалга ошириладиган давлат назорати, назорат йўналишлари ва назорат қилувчи органлар рўйхатига аниқлик киритилди.
Қизғин кечган муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар ишлаб чиқиш лозимлиги, мазкур қонун лойиҳасида эса кўплаб ҳаволаки нормалар мавжудлиги, атом энергетикаси соҳаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўта муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олган ҳолда уни янада такомиллаштириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Шундан сўнг, ушбу қонун лойиҳаси ҳам кун тартибидан чиқарилди ва маромига етказган ҳолда кейинги мажлис кун тартибига киритиладиган бўлди.
Парламент аъзолари томонидан “Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши ушбу соҳада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобаланади. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да – “Хавфсиз ва ҳимояланган меҳнат” тадбирлар дастури ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Мазкур Баённомага кўра, ХМТнинг ҳар бир аъзоси Конвенциядан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришда мажбурий меҳнатга барҳам бериши керак.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан конструктив ҳамкорликни кучайтириш, мажбурий меҳнат қурбонлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш имконини беради.
Йиғилишда Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган «Овчилик ва ов хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Шунингдек, депутатлар Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ва Кармана тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Унга кўра, Кармана туманидаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан – 1 071,44 гектар, “Варқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан – 26,14 гектар ер майдонлари Навоий шаҳри таркибига ўтказилмоқда.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Йиғилишда бир қатор депутатлар томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташаббус кўриб чиқилди. Депутатларнинг таъкидлашича, мамлакатимизга олиб кирилаётган пальма ёғи ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига таъсири ва озиқ-овқат саноатидаги мавжуд стандартлар талабларига риоя қилиниши масалалари бўйича ўрганишлар ўтказиш лозим.
Муҳокамалардан сўнг масъул қўмиталарга ушбу масалани чуқур ўрганиб, 10 кун муддатда тегишли хулоса тайёрлаш вазифаси топширилди.
Мажлисда, шунингдек, парламент қуйи палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

 

ЎзА