Тошкентда КАМКА минтақавий форуми бошланди

Бугун Тошкентда «Марказий Осиё, Мўғулистон, Кавказ ва Афғонистон» (КАМКА) минтақавий форуми ўз ишини бошлади.

КАМКА минтақавий тармоғи, АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти, «Рамсфелд» жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, дунёнинг 20 давлатидан келган 300 дан ортиқ қатнашчи, халқаро ташкилот ва институтлар вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Ф.Старр, КАМКАнинг Ўзбекистон бўйича миллий мувофиқлаштирувчиси М.Муҳитдинов ва бошқалар сўзга чиқди.

Минтақавий форум Марказий Осиё ва Кавказ давлатларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир масалалар юзасидан фикр алмашиш платформаси сифатида 2004 йилда таъсис этилган. Форум сиёсий мақсадларни кўзламайди.

Бу галги форум «КАМКА: умумий манфаатлар, умумий интилишлар» мавзусига бағишланди.

Форумнинг биринчи куни ялпи мажлисларида минтақавий савдо, транспорт ва транзит, инвестицияларни жалб қилиш, Марказий Осиё ва Кавказ давлатларининг ўзаро иқтисодий ва бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик ва инновациялар, инсон капитали, таълим, туризм ва ОАВни ривожлантириш каби масалалар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

КАМКА савдо минтақасида ривожланиш белгилари таҳлилида халқаро эскпертлар Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий соҳаларга ижобий баҳо берди.
– Дунёнинг етакчи давлатлари қатори АҚШ ҳам ўзининг иқтисодий тараққиётига босқичма-босқич эришган, – дейди америкалик иқтисодчи, «Laffer Associates» компанияси бош директори А.Лаффер. – Ўзбекистон ҳам муҳим иқтисодий ривожланиш сари дадил одимлаётганини қайд этиш даркор.

АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти катта илмий ходими Мамука Тсерелининг фикрича, табиий ресурслар, инсон капиталига бой Ўзбекистонда иқтисодиёт, хавфсизлик соҳалари ва инвестицияларни жалб қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар фақатгина мамлакат тараққиёти билан бирга минтақа равнақига ҳам хизмат қилади.

Форумда Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора фаоллашаётгани, бунда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари муҳим омил бўлаётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, Марказий Осиё давлатларининг транзит-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш жараёнини узил-кесил якунига етказиш бўйича таклифлари минтақа савдо-иқтисодий ҳамкорлигини юқори суръатда таъминлаш имконини бермоқда.

Халқаро форум доирасидаги муҳокамаларда Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида ўрин берилди. Ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш минтақада барқарор ривожланишнинг муҳим омили экани нуқтаи назаридан савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм соҳаларида шерикликни жадаллаштириш бўйича фикрлар билдирилди.

photo5190601306342009778.jpg
photo5190601306342009779.jpg
photo5190601306342009781.jpg
photo5190601306342009782.jpg
photo5190601306342009784.jpg

 

Малоҳат ҲУСАНОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА