photo5471889825637444409.jpg
Жавлон Ҳамидович Тошхўжаев 1943 йилнинг 11 декабрида Тошкент шаҳрида туғилган. 1953 йилдан бошлаб 10 ёшидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг болалар таҳририятида ҳаваскор диктор, 1960 – 1974 йилларда олий тоифадаги телерадиорежиссёр лавозимларида ишлаган. Радио фонотекаси «Олтин фонди»да 200 дан зиёд асарлари мавжуд. «Табассум» радиожурнали, «Дугонажонлар», «Ёшлик радиостанцияси» «Аланга» радиожурналлари асосчиси.
Жавлон Тошхўжаев 1974 йилда Республика Маданият вазирлигининг буйруғига кўра, Фарғона ва Андижон вилоятларига юборилган. 4 йил Қўқон шаҳар театрида режиссёр, 32 йил мобайнида Андижон вилояти маданият бошқармасида масъул лавозимларда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театрида театр директори ва бош режиссёри лавозимларида ишлаган.
Жавлон Тошхўжаев меҳнат фаолияти даврида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени, турли кўкрак нишонлари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
1961 йилдан 1973 йилгача 144та радиопостановкага режиссёрлик қилган радио ва театр режиссёри, Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими Жавлон ТОШХЎЖАЕВ узоқ давом этган хасталикдан сўнг 75 ёшида вафот этди.
Таниқли режиссёр, меҳрибон устоз, камтарин инсон Жавлон Тошхўжаевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирилади.

 

ЎзА