Ўзбекистон – Қирғизистон парламентлараро комиссиясининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди

Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Парламентлараро комиссия аъзолари, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари ҳокимлари, Ўш, Жалолобод, Боткен областлари губернаторлари (Қирғизистон ҳукуматининг ваколатли вакиллари), ташқи ишлар вазирликлари, ҳар икки давлатнинг элчилари иштирок этган йиғилишда парламентлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.
Йиғилишда икки қўшни давлат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар йўналишларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада юқори босқичга кўтариш, парламентлараро комиссия имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.
Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, ҳамкорлик кўлами барча йўналишларда кенгайди.
14.JPG
– Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида савдо-сотиқ ҳажми жорий йилнинг ўтган даврида уч баробарга ортди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари, Парламентлараро комиссия ҳамраиси Содиқ Сафоев. – Айниқса, туризм, маданият, илм-фан ва бошқа қатор йўналишлардаги ҳамкорлик кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бу, албатта, икки халқнинг дўстлиги, қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилмоқда.
Умуман, Парламентлараро комиссия йиғилиши самарали ўтди, барча масалалар бўйича аниқ режа ва чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Мажлисда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, чегара билан боғлиқ масалалар, шунингдек, комиссия фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, самарадорлигини ошириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширлганлиги қайд этилди.
– Айни кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида чегара ҳудудларини белгилаш масаласи бўйича 85 фоиз келишувга эришилган, – дейди Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши аграр сиёсат, сув ресурслари, экология ва ҳудудий ривожланиш қўмитаси раиси ўринбосари, Парламентлараро комиссия ҳамраисининг ўринбосари Алмазбек Акматов. – Бу борада нафақат парламентлараро, балки, ҳукуматлараро комиссия ҳам иш олиб бормоқда. Яқин вақт ичида аниқлик киритилиши зарур бўлган чегара ҳудудлар бўйича ҳам бир тўхтамга келинади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Юлдашевнинг Қирғизистон Республикасига режалаштирилаётган расмий ташрифига доир масала ҳам кўриб чиқилди.
Парламентлараро комиссиянинг иккинчи мажлисида белгиланган барча масалалар муҳокама қилиниб, келгусидаги муҳим вазифалар, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. Комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш бўйича маслаҳатлашиб олинди.
17.JPG
20.JPG
27.JPG

 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА