Одамлар бугунидан мамнун бўлиб, эртанги кунига ишонч билан яшаши керак

Нурафшон шаҳрида 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент вилояти фаоллари, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ўзи бевосита жойларга бориб, раҳбарларни юбориб, энг долзарб масалалар ҳал қилинаётгани, ҳамма жойда ўзгариш бўлаётгани, лекин Тошкент вилояти «уйғонмаётгани»ни таъкидлади.
Вақт шиддат билан ўтяпти. Ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа ғанимат. Биз сиёсатни белгилаб, янги-янги имкониятлар яратяпмиз. Мутасаддилар қаттиқ талаб қилиб, қуйи тизимдаги раҳбарлар жон куйдириб ишлаб, натижани таъминлаши керак. Одамлар қуруқ гапни кўтармайди. Тошкент вилоятида эса жонланиш кузатилмаяпти. Қани рақобат, қани илм, қани натижа, қани ташаббус, дея мурожаат қилди Шавкат Мирзиёев йиғилиш иштирокчиларига.
Катта иқтисодий салоҳият мавжуд бўлатуриб, вилоятдаги резерв ва имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани, саноат соҳаси ҳанузгача бир нечта йирик корхона билан чекланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди. Бўка, Пскент, Паркент, Оҳангарон, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон ва Чиноз туманларида саноат ривожи кўрсаткичлари пастлигича қолмоқда. Қуйи Чирчиқ, Бекобод, Оҳангарон, Пскент ва Бўка туманларида аҳоли жон бошига хизмат кўрсатиш ҳажми мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан 2-3 баробар кам.
Йиғилишда тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалиги, бандлик, ижтимоий шароитларга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Президент Тошкент вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, янги корхоналар ва иш ўринлари яратиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.
2019-2020 йиллар учун умумий қиймати 39 триллион 833 миллиард сўмга тенг 784 инвестиция лойиҳасидан иборат янги ҳудудий дастур шакллантирилгани қайд этилди. Уларнинг 15 таси давлат аҳамиятига эга йирик лойиҳа бўлса, 769 таси хусусий бизнес ва инвесторлар иштирокида амалга оширилади.
Рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектларининг 17 фоизи ишламаётгани, Ангрен шаҳри ва Чиноз туманида бу кўрсаткич 30-33 фоизга чиқиб кетгани танқид қилинди. Уларнинг фаолиятини тиклаш, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилаларга «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида жорий йилда 350 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича топшириқ берилди. Талаб бўлса, яна қўшимча маблағ ажратилади.
Нима учун оилавий тадбиркорлик, уйларда паррандачилик, чорвачилик, томорқачилик бўлсин, деяпмиз? Одамларнинг даромади ошиши, тўлов қобилияти юқори бўлиши керак, деди давлатимиз раҳбари.
“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида 470 гектар ва “Бўстонлиқ-фарм” зонасида 20 гектар майдон ҳанузгача лойиҳалар билан тўлдирилмаган. Шу сабабли “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси Жанубий Кореянинг “Инчон” эркин иқтисодий зонасига ишончли бошқарувга берилгани маълум қилинди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосарига вилоятдаги 20-30 тадбиркорни танлаб, Корея Республикасига хизмат сафарини ташкил этиш вазифаси топширилди. Тадбиркорлар “Инчон” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан бевосита танишади.
Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятидаги ижтимоий ва коммунал соҳаларга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Вилоятда аҳолининг атиги 64 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани жиддий муаммо. Бу – ҳисобот кўрсаткичи. Амалда бу рақам 40-50 фоиз. Бўка, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрида 30 фоизга ҳам бормайди. Шундай шароитда раҳбарлар қандай қилиб кабинетда хотиржам ўтиради, деди Шавкат Мирзиёев.
Бу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилда 440 километр ичимлик суви тармоқлари ва 301 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган. Осиё тараққиёт банки иштирокидаги 144 миллион долларлик ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Вилоятда долзарб бўлган яна бир муаммо экология билан боғлиқ. Тошкент шаҳридаги маиший чиқиндилар ташланадиган Оҳангарон туманидаги полигон 98 фоизга тўлган. Уни ёпиб, янгисини қуриш керак. Бу тозалик, аҳоли саломатлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга, деди давлатимиз раҳбари.
Ичимлик суви, оқова тизими объектлари билан бирга умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш, автомобиль йўллари билан боғлиқ муаммоларни тезкор ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди. Бунинг учун қўйимча равишда 1 триллион 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши маълум қилинди.
Президентимиз Нурафшон шаҳрида бош режа асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди.
Бу шаҳар 2017 йили Тошкент вилояти маъмурий марказига айлантирилиб, масъул идора ва ташкилотлар шу ерга кўчирилди, уларга зарур шарт-шароит яратилмоқда. Ўтган йили шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилди.
Янги маъмурий марказда аҳоли учун барча шарт-шароитларни яратиш, инфратузилма ва коммуникацияларни янгилаш, пойтахтимизда бошланган бунёдкорлик жараёнини вилоят марказига ҳам кенг ёйиш мақсадида 246 гектар майдонда “Smart сity” қуриш лойиҳалаштирилмоқда.
Тўлиқ ақлли технологияларга асосланадиган ушбу «ақлли шаҳарча» уч босқичда барпо этилади. Биринчи босқичда жами 1792 квартирали тўққиз ва ўн икки қаватли уйлар қурилади. Янгидан қад ростлайдиган Нурафшон университети ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллашига замин яратса, ёпиқ спорт мажмуасида бадиий гимнастика, теннис, кураш ва қиличбозлик каби спорт турлари бўйича йирик мусобақалар ўтказилади.
Шавкат Мирзиёев яқинда пойтахтимиздаги Чилонзор туманининг Боғистон кўчасида қурилаётган 9 қаватли уйлар билан танишиш чоғида бундай турар жойларни вилоят марказларида ҳам барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ушбу тавсия асосида Нурафшонда 21 та шундай уй қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Шунингдек, 360 ўринли боғча, 1 минг 200 ўринли мактаб, маданий-маиший объектлар, дам олиш ҳудудлари барпо этилади.
Нурафшон мамлакатимизда шаҳарсозлик бўйича янги тажриба майдони бўлмоқда. Бу ердаги шарт-шароит, ижтимоий соҳа объектлари Тошкентдагидан кам бўлмаслиги, аксинча, рақобатлашадиган бўлиши керак. Албатта, бунинг учун ҳар бир лойиҳани пухта ишлаш, узоқни кўзлаб иш тутиш керак, деди давлатимиз раҳбари.
Нурафшонда канализация тармоғи умуман талабга жавоб бермас эди. Мавжуд тозалаш иншооти бутун шаҳарни қамраб ололмайди. Шу боис қурилиш давомида муҳандислик коммуникациялари бутунлай янгиланади.
Шаҳарнинг марказий Тошкент йўли кўчаси ҳам янгидан барпо этилмоқда. Кўча бўйидаги бир қаватли эски иморатлар ўрнида 7 ва 9 қаватли уйлар, сервис шохобчалари, саломатлик марказлари, гипермаркетлар қурилиши бошланган. Ҳар бир бино олдида автомобиль тўхташ жойлари бўлиши кўзда тутилган.
Тўрт полосали магистрал автомобиль йўли билан бирга ички йўл ҳам қуриляпти. Велосипед ва пиёдалар йўлакчаларига жой ажратилган. Ирригация тармоқлари учун янги турдаги ёпиқ лотоклар ўрнатилиб, кўча бўйлари кўкаламзорлаштирилмоқда.
Тошкент йўли кўчасида тирбандликнинг олдини олиш мақсадида шаҳарнинг кириш қисмидан “Smart сity” марказига борадиган янги 4 километрлик кўча қурилиши режалаштирилган.
Айни пайтда аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида замонавий ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш учун 100 гектарлик технопарк яратиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Президентга вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари ҳам тақдим қилинди. Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида 2022 йилга бориб, вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 92 фоизга етказиш имконини берадиган ушбу лойиҳалар учун халқаро молия институтларининг маблағлари жалб этилади.
Ўрта Чирчиқ туманидаги 50 гектар майдонда инновацион савдо мажмуаси қурилиши мўлжалланмоқда. Лойиҳа қиймати 50 миллион доллар бўлган мажмуада 5 мингта дўкон жойлашади, 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилади. 2021 йилда ишга тушириладиган мажмуада ноозоқ-овқат маҳсулотлари, маиший товарлар, қурилиш материаллари савдоси йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти мамлакатимизнинг муҳим логистика маркази эканини, йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаларини қуришда ҳудуднинг шу имкониятини эътиборга олиш лозимлигини таъкидлади. Ҳар бир лойиҳани сифатли ва ўз муддатида амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Матназар ЭЛМУРОДОВ, ЎзА