Шавкат Мирзиёев: Нурафшон шаҳри пойтахт билан рақобатлашиши керак

Президентимиз Нурафшон шаҳрида бош режа асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди.

Маълумки, 2017 йили Тошкент вилояти маркази ушбу шаҳарга кўчирилган, ўтган йили унинг бош режаси ишлаб чиқилган эди. Бош режага асосан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жойларда ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида вилоят бўйсунувидаги идора ва ташкилотлар Нурафшонга кўчириб келиниб, уларга шарт-шароит яратилмоқда.Президентимизга бош режа асосида шаҳар марказини батафсил режалаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Унга мувофиқ, бу ерда Тошкент вилояти ҳокимлиги, вазирлик ва идоралар бошқармалари, маданият объектлари, университет ва мактаблар, шифохона, спорт мажмуалари бўлиши режалаштирилган.

Янги маъмурий марказда аҳоли учун барча шарт-шароитларни яратиш, инфратузилма ва коммуникацияларни янгилаш, пойтахтимизда бошланган бунёдкорлик жараёнини вилоят марказига ҳам кенг ёйиш мақсадида бу ерда 246 гектар майдонда “Smart сity” қуриш лойиҳалаштирилмоқда.

Ушбу ақлли шаҳарча уч босқичда барпо этилади. Биринчи босқичда квартираларнинг умумий сони 1792 та бўлган тўққиз ва ўн икки қаватли уйлар қурилади. Янгидан қад ростлайдиган Нурафшон университети ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллашига замин яратса, ёпиқ спорт мажмуасида бадиий гимнастика, теннис, кураш ва қиличбозлик каби спорт турлари бўйича йирик мусобақалар ўтказилади.

“Smart сity” тўлиқ ақлли технологиялар асосида барпо этилади. Яъни бу ерда архитектура ва қурилишдаги замонавий технологиялар қўлланилади. Ҳар бир уй, ҳар бир иншоотга энергиятежамкор ускуналар ўрнатилади.

Президентимиз яқинда Чилонзор туманининг Боғистон кўчасида қурилаётган 9 қаватли уйлар билан танишиш чоғида бундай турар жойларни вилоят марказларида ҳам барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ушбу тавсиялар асосида Нурафшонда ҳам 21 та шундай уй қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Шунингдек, 360 ўринли боғча, 1 минг 200 ўринли мактаб, маданий-маиший объектлар, дам олиш ҳудудлари барпо этилади.

– Нурафшон мамлакатимизда шаҳар қуриш бўйича янги тажриба бўлмоқда. Ижтимоий соҳа объектлари, бу ердаги шарт-шароитлар Тошкентдагидан кам бўлмаслиги, улар билан рақобатлашадиган бўлиши керак. Албатта, бунинг учун ҳар бир лойиҳа устида жиддий ишлаш, узоқни кўзлаб иш тутиш керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Нурафшонда канализация тармоғи умуман талабга жавоб бермасди. Мавжуд тозалаш иншооти бутун шаҳарни қамраб ололмайди. Шу боис қурилиш давомида муҳандислик коммуникациялари бутунлай янгиланади.

Шаҳарнинг марказий Тошкент йўли кўчаси ҳам янгидан барпо этилмоқда. Кўча бўйидаги бир қаватли эски иморатлар ўрнида 7 ва 9 қаватли уйлар, сервис шохобчалари, саломатлик марказлари, гипермаркетлар қурилиши бошланган. Ҳар бир бино олдида автомобиль тўхташ жойлари бўлиши кўзда тутилган.

Ушбу кўчада тўрт полосали автомобиль йўли билан бирга ички йўл ҳам қурилди. Яъни, шаҳарда ҳаракатланаётган транспорт воситалари асосий йўлдаги автомобилларга халақит қилмайди. Асфальт йўл ёнида вилосипед ва пиёдалар йўлакчаларига жой ажратилган. Ирригация тармоқлари учун янги турдаги ёпиқ лотоклар ўрнатилиб, кўча бўйлари кўкаламзорлаштирилмоқда.

Тошкент йўли кўчасида тирбандликнинг олдини олиш мақсадида шаҳарга кириш қисмидан “Smart сity” марказига келувчи янги 4 километрлик кўча қурилиши режалаштирилган. Бу йўловчиларга ва шаҳар аҳолисига қулайлик яратувчи йўл бўлади.

Айни пайтда аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш учун 100 гектарлик технопарк барпо этилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Шу ерда вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари ҳам тақдим қилинди. Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида 2022 йилга бориб вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиш даражасини қарийб 92 фоизга етказиш имконини берадиган ушбу лойиҳалар учун халқаро молия институтларининг маблағлари жалб этилади.

Ўрта Чирчиқ туманида 50 гектар майдонда инновацион савдо мажмуаси қурилиши мўлжалланмоқда. Лойиҳа қиймати 50 миллион доллар бўлган мажмуада 5 мингта дўкон жойлашади, 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилади. 2021 йилда ишга тушириладиган мажмуада ноозоқ-овқат маҳсулотлари, маиший товарлар, қурилиш материаллари савдоси йўлга қўйилади. Ушбу савдо мажмуасидан бюджетга бир йилда 100 миллиард сўм маблағ тушади.

Президентимиз Тошкент вилояти минтақанинг муҳим логистика маркази эканини, йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаларини қуришда ҳудуднинг бу имкониятини эътиборга олиш лозимлигини таъкидлади. Ҳар бир лойиҳани сифатли ва ўз муддатида амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.

1.jpg
2.jpg
3.jpg
4.jpg
5.jpg
6.jpg
7.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА