Оҳангарон шаҳар Давлат хизматлари маркази кунига юзлаб фуқароларга хизмат кўрсатмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман ва шаҳарлардаги марказлари ташкил этилди.

Фуқароларимизга тезкор ва қулай бўлган давлат хизматларини кўрсатиш мазкур масканлар олдига қўйилган асосий вазифалардан.

Яқинда Оҳангарон шаҳар Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида ушбу марказ фаолияти билан танишди.

Замон талаблари асосида барпо этилган марказ биноси шаҳар марказининг Амир Темур кўчаси 15-уйда қад ростлаган янги турур жой биносининг биринчи қаватидаги нотурар қисмининг тўлиқ 600 квадрат метр майдонида барча қулайликларни ўз ичига олган ҳолда бунёд этилди.

Бугунги кунда Оҳангарон шаҳрида 37 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2018 йил давомида шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан жами 7382 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилнинг биринчи чорагида 6 мингдан ортиқни ташкил қилди.

Бу ҳалқимизнинг ижтимоий ҳаётида давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи ва талаби кундан-кун ортиб бораётганлигидан далолат бериб, амалда ҳам ўз исботини кўрсатмоқда.

Айни пайтда марказда жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган хизматлар 100 дан ошди. Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, нотариус, суғурта, кадастр, ФҲДЁ ва бошқа хизматлар мавжуд.

Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида бинода болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, кутубхона, ошхона, инвесторлар учун махсус хоналар ҳамда бепул «WI-FI” ташкил этилган. Бу ерга келганлар улардан фойдаланиб, кутиш вақтини мазмунли ўтказиши мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ушбу марказда Бош вазир қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Эндиликда муаммо ва таклифлар билан келган тадбиркорлар қулай шароитларга эга бўлган Давлат хизматлари марказида тегишли давлат органлари вакиллари иштирокида қабул қилинади.

Президентимиз аҳоли кўп мурожаат қилаётган масалаларни ўрганиб, шунга тааллуқли шароитларни яхшилаш, талаб этиладиган ҳужжатларни камайтириб бориш зарурлигини таъкидлади. Давлат хизматлари маркази тизимидан фойдаланган ҳолда маҳалла идораларида ҳам ҳужжатлар билан ишлашни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА