Президент Олмазор туманида янги барпо этилган “Сой бўйи“ сайилгоҳига борди

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси, канал ва коллекторларнинг қирғоқ бўйи минтақаларида ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ва ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланган. 
Президентимиз 2018 йил 9 февраль куни Олмазор туманида бўлиб, каналлар бўйини ободонлаштириш, аҳолининг дам олиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Бугун бу ерда кўркам маданият ва маърифат маскани бунёд бўлди. “Дамаши” каналининг 2,5 километр қисми қирғоқлари бетонлаштирилиб, “Сой бўйи” сайилгоҳи барпо этилди.
Канал қирғоқ бўйи 7 та лотга бўлиниб, уларда тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам турли хил ресторанлар, дам олиш масканлари, Коворкинг маркази, фитнес клуби ва бошқа бир қатор объектлар ҳамда жаҳонга машҳур Эйфель, Пиза, Минораи калон миноралари, Лувр пирамидаси ва бошқа шунга ўхшаш объектлар макетлари барпо этилди.
Президентимиз коворкинг маркази ва ундаги тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишди.
1.jpg
Бир пайтлар бу ерлар қандай жой эди. Ҳаммамиз шундай яшашга ўрганиб қолган эдик. Бир йил ичида қилган ишлар самарасини кўриб турибмиз. Ободлик бор жойда қут барака бўлади. Бу ер нафақат ҳордиқ чиқарадиган жой, балки маънавият ва маърифат масканига ҳам айланади, деди давлатимиз раҳбари.
Ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси. Бош лойиҳачи “Prime tower group” МЧЖ. Бош пудратчи сифатида эса “Inter building” МЖЧ иш олиб борди.
Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар, Нуронийлар маскани, “Ёшлар меҳнат гузари“ ҳам аввалги ташрифнинг амалий натижаларидир.
Кутубхона бой китоб фонди ва ахборот технологиялари билан таъминланган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан электрон тарзда боғланган.
Нуронийлар масканида фахрийлар ўз вақтини мазмунли ўтказиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча шароитлар яратилган.
Давлатимиз раҳбари мазкур кутубхоналар ва Нуронийлар масканини кўздан кечирди. Маҳаллий аҳоли вакиллари, нуронийлар билан суҳбатлашди.
“Дамаши” канали Шайхонтоҳур туманидан оқиб ўтувчи “Катта Калкауз” каналидан сув олиб, Олмазор туманининг Нурафшон кўчасидан бошланади. Унинг умумий узунлиги 7,36 километрни ташкил этади. Тошкент шаҳридан чиққандан кейин, каналнинг Тошкент вилоятидаги ҳудуди “Дамариқ” деб номланади. Канал транзит вазифасини бажаргани боис ундан хўжалик мақсадларида фойдаланилмайди.
Президентимизга “Сой бўйи“ сайилгоҳи ва ҳудуд атрофидаги Олтинсой, Қичқириқ ва Тараққиёт маҳаллаларида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тизими ҳақида ҳам маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари бу тизимни Тошкент шаҳрининг барча туманларида жорий қилиш, жиноятчиликнинг олдини олишда илм ва таҳлил асосида ишлаш зарурлигини таъкидлади.
Канал ва унинг атрофидаги ҳудуднинг озодалиги ҳамда санитария ҳолати Тошкент шаҳар ва Олмазор тумани ҳокимлигининг махсус ишчи гуруҳи томонидан мунтазам назорат қилиб борилади. Хусусан, “Тоза канал” компанияси тадбирлари бошланганидан шу кунга қадар қирғоқбўйи ҳудудида 136 та ноқонуний қурилмалар аниқланиб, уларнинг 133 таси бартараф этилган. Қолганларини бартараф қилиш ишлари давом этмоқда.
2.jpg
3.jpg
4.jpg
8.jpg
10.jpg
1.jpg
2.jpg
3.jpg
5.jpg
6.jpg
7.jpg
8.jpg
9.jpg
10.jpg

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА