Рухсатсиз туси ўзгартирилган (тонировка) учун жарима миқдори кескин оширилди

Ўзбекистонда туси ўзгартирилган (тонировка) ойнали транспорт воситаларидан рухсатсиз фойдаланганлик учун жарима миқдори 25 бараварга оширилди.
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун Президент томонидан имзоланди.
Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгартишлар киритилди.
Хусусан,
«Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек, ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно,
• энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса,
• энг кам иш ҳақининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади»;
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар ойналари техник регламентга номувофиқ кўзгусимон ва (ёки) қорайтирилган транспорт воситаларидан фойдаланиш – ЭКИҲнинг бир баравари миқдорида жаримага солинар эди.

 

ЎзА