Қозоғистон – яқин қўшнимиз, ишончли ҳамкоримиз ва қалин шеригимиз

Қозоғистон – яқин қўшнимиз, ишончли ҳамкоримиз ва қалин шеригимиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 14-15 апрель кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунларидан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатларни ривожлантириш йўлидан борди. Халқларимиз нафақат яқин қўшни, балки қардош сифатида кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича азалдан бир-бирларини тушуниб, қўллаб-қувватлаб келган. Ўтган йиллар давомида бу алоқалар янада мустаҳкамланди, мамлакатларимиз яхши қўшни ва ўзаро манфаатли ҳамкор сифатида тараққиёт йўлидан елкама-елка бормоқда.
Давлатларимиз ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг ҳиссаси беқиёс.
Президентимизнинг очиқ ва прагматик сиёсати, хорижий давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари натижасида Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди.
Президентимизнинг 2017 йил 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз муносабатлари ривожида тарихий даврни бошлаб берди. Ўша йили 16-17 сентябрь кунлари Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи олий даражадаги мулоқотларнинг изчил давоми бўлди.
Ўтган қисқа вақтда икки томонлама алоқаларда илгари кузатилмаган юқори натижаларга эришилди. Икки давлат раҳбарларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлади.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг мазкур давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришда навбатдаги қадам сифатида икки томон учун бирдек манфаатлидир.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 15 апрель куни бўлиб ўтди.
Кўксарой қароргоҳида Қозоғистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев тор доирада учрашув ўтказди.
Президентимиз Қозоғистон Президентини Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
Сизнинг Қозоғистон Республикаси Президенти сифатида Ўзбекистонга илк давлат ташрифи билан келганингизни жуда юксак қадрлаймиз. Биз буни икки томонлама стратегик шериклик муносабатларининг яна бир асоси деб биламиз. Қозоғистон бизнинг яқин қўшнимиз, ишончли ҳамкоримиз ва қалин шеригимиздир. Биз ҳеч қачон бир-биримиздан ажралмаймиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Қозоғистон Президенти таклиф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор қилиб, музокаралар самарали ўтишига ишонч билдирди.
Халқларимизнинг тарихи, дини, тили бир, ўхшаш маданий қадриятларга эга. Сиз, ҳурматли Шавкат Миромонович ва Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлатлараро муносабатларни юқори босқичга олиб чиқдингиз. Бу суръатни сақлаб қолишни ўзимнинг асосий вазифам деб биламан. Қозоғистонда қардош Ўзбекистон билан алоқаларга талаб жуда катта, деди Қосим-Жомарт Тоқаев.
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда изчил тараққий этмоқда. 1998 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ўзаро ҳамкорликка мустаҳкам асос бўлмоқда.
Ўзбекистон билан Қозоғистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қозоғистон мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ шафеълигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлади.
Президентлар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар юзасидан фикр алмашди. Жумладан, икки ва кўп томонлама тузилмалар доирасида халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция ва халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича биргаликда чоралар кўришга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш ва ушбу мамлакат билан узоқ муддатли яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш, жумладан, транспорт коммуникациялари, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидладилар.
Олий даражадаги музокаралар чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий делегациялари иштирокидаги кенгайтирилган музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларида жадаллашган алоқалар туфайли ўзаро савдо ҳажми 2018 йилда қарийб 50 фоиз ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди.
Томонлар яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказишга интилишини тасдиқлади. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияга савдо алоқалари номенклатурасини кенгайтириш, иқтисодий ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли шаклларини топиш ва ривожлантириш вазифаси қўйилди.
Бу ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, савдо, инвестициялар, логистика соҳаларида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, интеграциялашган саноат технопарклари, илмий-инновацион кластерлар ва эркин иқтисодий зоналар ташкил этишга хизмат қилади.
Томонлар 2018 йил ноябрь ойида Чимкент шаҳрида ўтган биринчи Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ва 2019 йил мартда Тошкент шаҳрида ўтган Марказий Осиё мамлакатларининг биринчи минтақавий иқтисодий форуми якунларини ижобий баҳолади.
Бугунги кунда юртимизда Қозоғистон капитали иштирокидаги 336 та корхона ва 16 та компания ваколатхонаси, Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 199 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан савдо, транспорт-логистика ва бошқа хизматлар кўрсатилиб, қурилиш материаллари ҳамда кенг турдаги халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилмоқда.
Мамлакатларимиз автомобиль ва темир йўлларда юк ва йўловчи ташишда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан ташқи савдо юкларини ташишда ўзаро преференциялар ва қўшимча имтиёзлар жорий этилгани савдо ҳажмини сезиларли ошириш имконини бермоқда.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш, шунингдек, ўтказиш пунктларининг самарали фаолиятини таъминлаш жараёни муваффақиятли давом этаётгани, бу икки мамлакат чегарадош ҳудудлари аҳолисининг турмуш шароитини салмоқли даражада яхшилаш, трансчегаравий иқтисодий алоқалар ва гуманитар алмашинувларни жонлантириш, фуқароларнинг ўзаро ташрифларини фаоллаштиришга хизмат қилганини мамнуният билан қайд этдилар.
Томонлар Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида минтақа давлатларининг халқаро ташкилотлар, молия ва экология институтлари билан Орол денгизи ҳавзасида муайян дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Музокараларда транспорт, логистика, саноат кооперацияси соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимизнинг экспорт салоҳияти ва транзит имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қўшма баёнотни имзоладилар.
Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига оид 10 га яқин ҳужжат имзоланди. Солиқ резидентлигини тасдиқловчи расмий ҳужжатларни тан олиш тартиби, Ўзбекистон ва Қозоғистонда фаолият юритаётган икки мамлакат фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш тўғрисида битимлар, “Марказий Осиё” савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини ташкил этиш тўғрисида меморандум ва бошқа соҳаларга оид келишувлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019-2020йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифингда давлат раҳбарлари музокаралар анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик руҳида ўтганини, икки томонлама муносабатларнинг муҳим масалалари, ўзаро манфаатли минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар муҳокама қилинганини алоҳида таъкидладилар. Ташриф чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ўртасида эришилган келишувлар, имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги сифат босқичига олиб чиқиши қайд этилди.
Куннинг иккинчи ярмида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА

  16.04.2019, 08:42  |    38 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!