Ҳурматли фермерлар!

Жорий йилда баҳорнинг серёғин ва нисбатан салқин келиши қишлоқ хўжалиги экинлари, айниқса, чигит қадаш ва ғўза ниҳолларини ундириб олишда азамат деҳқонларимиз зиммасидаги масъулият янада ошишига сабаб бўлди. Минг машаққат билан ундирилган ғўзани энди фақат обитобида парваришлаш, агротехника тадбирларини ўз вақтида бажариш орқали мўл ҳосилга мустаҳкам пойдевор яратишимиз мумкин.

Шундай экан, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари ихтиёридаги культиваторлардан самарали фойдаланиб, ғўза қатор орларини чопиқ қилиш, бегона ўтлардан тозалаш, яганалаш ва зараркунандаларга қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор бериши керак.

Бу йилги айни экин-тикин мавсумида ёғингарчилик кўп бўлиши пахтачиликда муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. ўўзанинг ривожи ўтган йиллардагига қараганда анча орқада қоляпти. Бу эса унинг парваришига алоҳида эътибор қаратиш, айниқса, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, яганалаш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш ва бошқа агротехника юмушларини амалга оширишга ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади. Агар баъзи туманларда чигит бузиб, қайта экилганини инобатга оладиган бўлсак, бугун уларни бошқа ҳудудлардаги ғўзаларга етказиб олиш нақадар долзарб масала  бўлиб тургани аён бўлади.

Тажрибали фермерлар, фидойи дала меҳнаткаткашлари ҳозирги ўта масъулиятли паллада сифатли бажарилган агротехника тадбирлари туфайли яратилажак мўл ҳосил, ундан келадиган даромаддан, энг аввало, ўзлари, қолаверса, жамиятимиз катта наф кўришини яхши билади, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни чуқур ҳис этади.

Сўнгги икки йилда пахтанинг давлат харид нархи қарийб икки баравар оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг биз, фермерларга беқиёс ғамхўрлиги, камтарона меҳнатимизга юксак эътиборини қадрлаб, бу зиммамизга улкан масъулият юклашини ҳам унутмаслигимиз лозим!

 Азиз фермерлар, миришкор деҳқонлар!

Юртимизда эзгу ташаббус, хайрли амаллар ҳеч қачон беиз кетмайди, эътибордан четда қолмайди. Аксинча, давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Шундай экан, ҳар биримиз ўз даламизда меҳнат қилиш учун ишчиларимизга қулай шарт-шароитлар яратиш пайидан бўлиб, енгил конструкцияли дала шийпони, мўъжазгина арзон иссиқхона қурайлик, 50 тадан парранда ва бир бошдан соғин сигир ҳамда 5 қутидан асалари боқишни йўлга қўяйлик. Бу орқали ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, қўшимча даромад манбаини шакллантириш имконияти пайдо бўлади.

 Қадрли фермерлар!

Кўпни кўрган, тажрибали фермерлар май-июнь ойлари ғўза айни ривожланадиган, деҳқонлар таъбири билан айтганда, “кечаю кундуз ишлайдиган” бетакрор палла эканлиги, бу даврда қандай тадбир кўриш зарурлигини жуда яхши билишади. Сизу бизнинг вазифамиз эса ана шу тиғиз мавсумда бутун меҳримизни даламизга бериб, ҳар бир агротехника тадбирини ўз вақтида ва сифатли бажаришга эришишдир. Бунинг учун қуйидагиларга жиддий эътибор қаратиш зарур:

биринчидан, агротехника тадбирлари борасидаги ташкилий ишларни яна бир марта, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда пухта режалаштиринг;

иккинчидан,  ҳар бирингиз 50 сотих ғўза майдонига бир нафардан мавсумий ишчини жалб қилиб, бир ҳафта муддатда ғўза парваришидаги хато ва камчиликларга тўлиқ барҳам беринг;

учинчидан,  ғўза майдонларини культивация қилишда ишчи органларни тупроқ  шароити ва экиш схемасидан келиб чиққан ҳолда, амалга оширинг;

тўртинчидан, ишчиларингиз учун бир гектар майдондаги экин чопиғи учун 300 минг сўм, ягана учун 200-250 минг сўмдан, механизаторларга бир гектар культивация учун 18 минг сўм миқдоридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратилган иш ҳақини ўз вақтида бериб, меҳнат унумдорлигини оширишга эришинг;

бешинчидан,  ғўза майдонингизда тўлиқ гектар ва контур ҳосил қилиб, ёғингарчиликдан кейин сақлаб қолинган майдонларда ниҳол униб чиқмаган қаторлар хатосига чигит экишни, бунда, чигитни яхшилаб димлаб, тупроқнинг 4-5 см. намини чиқариб экишни ташкил этинг;

олтинчидан, ҳар бирингиз 1-2 та чинбарг чиқарган ғўза майдонларингизда яганалаш ишларини ташкил қилиб, 3 кун муддатда тўлиқ якунлаш чорасини кўринг. Бунда:

— тупроқ унумдорлиги юқори ерларда (90 см. ғўза қатор оралиғида экилганда 1 метрда 8-9 та, 60 см. қатор оралиғида экилган бўлса, 5-6 тадан кўчат қолдириб) гектарига 80-90 минг туп;

— тупроқ унумдорлиги ўртача ерларда (90 см. ғўза қатор оралиғида экилганда 1 метрда 9-10 та, 60 см. қатор оралиғида экилган бўлса, 6-7 тадан кўчат қолдириб) гектарига 100-110 минг туп;

— тупроқ унумдорлиги паст ерларда (90 см. ғўза қатор оралиғида экилганда 1 метрда 10-11 та, 60 см. қатор оралиғида экилган бўлса, 7-8 тадан кўчат қолдириб) гектарига 110-120 минг туп;

— тупроқ унумдорлиги паст ерлардаги қўшқатор экилган майдонларингизда гектарига 140-160 минг туп;

— ингичка толали ғўза навлари экилган унумдор тупроқли майдонда гектарига 110-120 минг туп, тупроқ унумдорлиги ўртача ерларда 130-140 минг туп, тупроқ унумдорлиги паст ерларда 150-160 минг туп, қўшқатор майдонларда 180-200 минг туп ҳамда “Сурхон” ва “Термиз” навларида 150-160 минг туп кўчат бўлишини таъминлашга эришинг;

еттинчидан, ғўзада 3-4 та чинбарг пайдо бўлган майдонларда ўсимликдан 12-14 см. узоқликда, 16-18 см. чуқурликда (тупроқ намига) гектарига 150 кг. дан азотли ўғит, чигит экиш ва ер тайёрлаш жараёнида берилмаган бўлса 200 кг. дан фосфорли ва 100 кг. дан калийли минерал ўғитлар билан озиқлантиринг;

саккизинчидан, ғўза ниҳолларининг 2-3 та чинбарг чиқариш даврида барг орқали озиқлантириш мақсадида суспензия сепиш ишларини ташкил этинг;

тўққизинчидан, ёғингарчиликдан кейин сақлаб қолинган майдонларда зудлик билан биринчи ишлов мажмуасини ўтказинг ва суғоришга тайёрланг. Ушбу майдонларни ҳар йилгидан 10-15 кун олдин гектарига 700-750 куб метр сув билан енгил қатор оралатиб суғоринг;

ўнинчидан, ғўзанинг зараркунанда ҳашаротларга (шира-трипс, кузги тунлам, ўргимчаккана ва бошқа) қарши биологик ва кимёвий кураш ишларини ташкил қилинг. Бунда, ҳар гектар пахта майдонига бир донадан феромон тутқич ўрнатиб, 3-4 кунда 10-15 донадан капалак тушиши кузатилса, бундай майдонларни алоҳида назоратга олинг;

— ўргимчакканага қарши курашишда профилактика мақсадида олтингугуртга сода аралаштирилган эритма, олтингугуртга оҳакли ИСО эритмаси ёки гектарига 60 кг. олтингугуртни ОШУ пуркагичи билан далага сепинг;

— кузги тунлам (илдиз қурт)га қарши алдамчи емаклар тайёрлаш ва кечки пайт далага сепишни ташкил қилинг;

ўн биринчидан, 10-15 нафар фермер бирикиб, механизатор уйларини ташкил этинг. Бунинг натижасида далада иш унумдорлигининг ошишига эришинг.

Табиат куч-қудратимиз, сабр-бардошимизни яна бир бор синовдан ўтказаётган жорий мавсумда бир тану бир жон бўлиб, етук мутахассисларимиз томонидан тавсия этилган энг қулай агротехника тадбирларини мақбул муддатларда амалга ошириб, пахтадан белгиланган ҳосил етиштиришга эришайлик!

 Фидойи фермерлар, дала меҳнаткашлари!

Бугун халқимиз сизнинг шижоатингиз, ғайрат ва матонатингизга кўз тикиб турганини, бир зум бўлса-да, ёддан кўтарманг. Дастурхонимиз файзу баракали, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон бўлиши бугунги меҳнатингизга боғлиқ.

Юртбошимизнинг ишончини оқлаб, юрт ободлиги, халқ фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни сидқидилдан ҳалол меҳнат қилишга чақирамиз!

Бу йилги қишлоқ хўжалиги мавсумида сиз, азизларга сиҳат-саломатлик, ишингизга эса унум ва ривож, улкан хирмон барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда муваффақият ва зафарлар тилаймиз!                              

Ўзбекистон  фермер,  деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари  кенгаши.

(«Халқ сўзи» газетаси. 2019 йил 16 май №100 (7330) сони)

 

Қорақалпоғистон Ахборот агентлиги