Ўзбекистон – Хитой: таълим соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда

Давлатимиз раҳбари илгари сурган ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббуснинг бири ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳисобланади.
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда мамлакатимиздаги хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига 8 минг нусхада китоб совға қилди.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида 20 май куни маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва улар қошидаги Конфуций институтлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Хитой миллий маданий маркази вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори Абдураҳим Маннонов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳалар қатори таълим йўналишида, хусусан, ўзбек ва хитой тилларини ўқитиш борасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этди.
Бугунги кунда Хитой Марказий миллатлар университети, Пекин чет тиллар университетида ўзбек тили ўқитилмоқда. Хитойнинг нуфузли ўқув академик муассасаларидан Шанхай халқаро тадқиқотлар университетида алоҳида ўзбек тили кафедраси фаолият кўрсатмоқда.
Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида очилган Конфуций институтлари юртдошларимизни хитой тили ва маданияти билан яқиндан таништириб келмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида хитой тилини ўқитиш бўйича замонавий марказлар ташкил этилган.
– Муассасамиз Хитойнинг ўндан зиёд ўқув юрти билан ҳамкорликни йўлга қўйган, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти хитойшунослик факультети декани Сабоҳат Ҳошимова. – Мингдан ортиқ талабамиз хитой тилини ўрганмоқда. Институтимиз қошида фаолият олиб бораётган Конфуций институти ўқувчилари сони эса 600 нафардан ошган. Бу юртимизда ёшларнинг хитой тилини ўрганишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат.
Тадбир доирасида “Xитой тили кўприги” халқаро талабалар танловининг мамлакатимиздаги финал босқичи ҳам ўтказилди. Унда Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси Акбар Турсунов ғолиб деб топилиб, Хитойда ўтказиладиган “Хитой тили кўприги” танловида қатнашиш имконини қўлга киритди.

 

Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА