Қишлоқ хўжалигида белгиланган вазифалар ижроси қай даражада?

Президентимизнинг жорий йилдаги вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларига доир фармойиши ижроси юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолияти бўйича ахборот тингланди.
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда жорий йилда вазирликнинг қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таркибий ўзгаришларни амалга оширишдаги иштироки ва ижро интизомининг юқори босқичга олиб чиқилиши таъкидлаб ўтилди.
Вазирлик томонидан аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари, коммуникация тармоқлари ва инфратузилма объектлари, совуткичли сиғимлар билан етарли даражада таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ошириш, селекция ишларини яхшилаш, ходимларнинг малакасини ошириш каби мақсадли вазифалар ижроси белгиланган тартибда бажарилмоқда.
Жорий йилнинг баҳор ойларида фермер хўжаликларининг асосий майдонларига режага нисбатан 85 фоиз сабзавот ва 67 фоиз полиз экилган. Шуни инобатга олиб, 2019 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини ташкил қилиш бўйича кўплаб ташаббускорлар аниқланди. Шу асосда келгусида қиймати 71 миллиард 680 миллион сўмлик 13 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди. Жорий йилда жами 95 минг 685 тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари ишга туширилади.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари ва мутахассислари томонидан мамлакатимизда тезпишар, серҳосил, интенсив навларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
– Айни пайтда илмий марказимиз ва тизимдаги илмий-тадқиқот муассасаларида жами 590 нафар илмий ходим фаолият олиб боради, – дейди Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори вазифасини бажарувчи Баҳодир Халиков. – Илмий марказимиз институтларида ғўзанинг 18та, сабзавот, полиз экинлари, шоли ва картошканинг 30дан ортиқ янги нави яратилган. Бугунги кунда селекция соҳасига жаҳон тажрибаси ютуқларини янада кенгроқ жорий этиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги тезпишар, серҳосил, интенсив навларини яратиш муҳимдир. Биргина Хитой давлати Шинжон-Уйғур автоном ҳудудининг Қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда Хитой прогрессив технологияларини Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этиш юзасидан жами 70 гектар майдонда илмий тажриба амалга оширилди. Натижада амалдагига нисбатан 15,5 центнер қўшимча ҳосил олинди. Ҳамкорлик доирасида 5 нафар илмий ходим Хитой давлатида малака ошириб қайтишди.
Тадбирда депутатлар томонидан миллий навларнинг кам ишлатилаётгани ва четдан олиб келинаётган уруғларнинг оммалашиб кетганлиги танқид остига олинди. Қишлоқ ҳўжалигини юқори сифатли уруғликлар билан таъминлаш ва уларни экишда тўғри жойлаштириш, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни экспорт қилишни кенгайтириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

А.МУСАЕВ, ЎзА