Ҳудудларда ислоҳотларни бир хил суръатда амалга ошириш, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратиш – асосий мақсадимиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 16-17 май кунлари Андижон вилоятида бўлди.
Андижон вилояти ҳокимлигида Президент раислигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Андижон вилоятида ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот 12 фоиз, жалб этилган инвестициялар ҳажми 19 фоиз ўсган. Жорий йил биринчи чоракда ҳам юқори суръат кузатилди.
Шунга қарамай, ҳали вилоятда ишга солинмаган имкониятлар кўплиги, иқтисодиёт замон талаблари асосида диверсификация қилинмагани таъкидланди. Жумладан, саноат маҳсулотининг 80 фоизи Асака тумани ва Андижон шаҳрига тўғри келади. Бошқа туманларда саноат деярли ривожланмаган.
Шуни инобатга олган ҳолда, Андижон вилоятида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган қиймати 25 триллион 181 миллиард сўмга тенг 908 лойиҳадан иборат инвестиция дастури ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 1,7 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий сармояни ўзлаштириш, 35 мингдан зиёд иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истаги бўлган оилаларни аниқлаб, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида 420 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратиш белгиланди.
Йиғилишда ижтимоий соҳани ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда Андижон шаҳрида 14 та кўп қаватли арзон уй ва кўплаб тижорий асосдаги уйлар, қишлоқ жойларда 224 та намунали уй-жой ва 56 та кўп қаватли арзон турар жой қурилиши маълум қилинди.
Президентимиз вилоят аҳолиси ўсиб бораётгани яна кўплаб уйлар қуриш ва қўшимча иш ўринлари очиш, ижтимоий ва коммунал хизматлар ташкил этишни талаб қилишини, демак, тегишли вазирликлар ва вилоят раҳбарлари узоқни кўзлаб иш юритиши зарурлигини таъкидлади.
Қанчалик оғир бўлмасин, ислоҳотларни барча жойда бир хил олиб бориш қийин. Чекка жойларни қўйиб туринг, ҳатто вилоят марказларида ҳам ҳанузгача шўро даври манзарасини берадиган маҳаллалар, кўчалар учрайди.
Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласини ҳам ўз номига монанд деб бўлмайди. Бу ерда ачинарли аҳволда яшаётган оилалар учун Хўжаобод тумани Хидирша массивидан 54 гектар ер ажратилиб, Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласи барпо этилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Давлатимиз раҳбари 16 май куни янги маҳаллада бўлиб, бу ерга кўчиб келаётган оилалар учун яратилган шароит билан танишган, бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш бўйича топшириқлар берган эди.
Шавкат Мирзиёев 17 май куни Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласига бориб, бу ердаги ҳақиқий аҳвол билан танишди.
5 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайдиган бу маҳалла ҳеч қандай шароит йўқлиги боис, шаҳарнинг оғриқ нуқталаридан бирига айланиб қолган эди. Кўчаларга машина сиғмайди, қаерга қараманг торлик, пастқамлик, захлик, қўланса ҳидга чидаб бўлмайди. Қачондир муқаррар кўчиш кайфиятидаги одамлар ҳатто девор, дарвоза, эшик-ромларни бўяшга ҳафсала қилмайди, ўт-ўлан қовжираган ҳовлисига қарамайди.
Президентимиз эски барак шаклидаги ҳовлиларда яшаётган одамлар билан суҳбатлашди.
Бундай шароитда кун кечиришнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, болалар шу шароитда яшаб келаётгани аянчлидир. Андижонда ер масаласи жуда оғир. Бу ерга келишимиздан мақсад одамлар турмуши билан танишиш, ҳамма оилалар учун яхши шароит яратиб бериш, деди Шавкат Мирзиёев.
Маҳалла вакиллари баҳаво адирликдан жой ажратилиб, барча шароитлари мавжуд уй-жойлар қурилаётгани ва оилалар кўчирилаётганидан жуда мамнун эканини алоҳида таъкидлади.
Аввал маълум қилинганидек, Мустақиллик маҳалласи ўрнида, Бобуршоҳ, Амир Темур ва Навоий шоҳкўчаларининг кесишмасида “Andijon сity” ишбилармонлик маркази барпо этилади.
Президентимиз бу қурилишда ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш, кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлади.
Худди “Tоshkent city”даги сингари бу ерда ҳам уйлар ва офислар савдоси билан шуғулланувчи кўргазма ташкил этиш зарур. Одамлар келиб кўрсин, шунда қизиқиши ортади. Бу шаҳарча яна икки йилдан сўнг Андижоннинг кўз-кўз қиладиган жойи бўлади, деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимизда таунхаус услубидаги массивлар қурилиши лойиҳалари ишлаб чиқилган. Президент таклифи билан Андижон вилоятида аҳоли яшаш шароитини яхшилаш энг долзарб масалалардан бўлгани боис, биринчи бўлиб шу ҳудудда бундай уйларни қуришни бошлаш режалаштирилмоқда.
“Qorako’l stroy engineering” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиққан лойиҳага кўра, 7,5 гектар ерда 108 та таунхаус услубидаги уй, 9 та 5 хонали ва яна шунча 3 хонали коттежлар, болалар боғчаси, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилади.
Энг муҳими, ушбу массив ўзининг сувни тозалаш, канализация иншооти, сув иситиш станцияси, кичик электр станцияси, қуёш электр станцияларига эга бўлади. Яъни таунхаус уйлари ўзини ўзи тоза ичимлик суви, электр, иссиқлик билан таъминлайди. Уларни қуришда энергиятежамкор материаллардан фойдаланилади.
Тақдимот чоғида таунхаус уйлари аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Бу уйлар – келажак уйлари. Қишлоқ уйлари қаерда қурилишидан қатъий назар, энди камчиқим бўлади, ҳам одамларга шаҳардагидай шароит яратилади. Шунинг ҳисобига бу уйлар нархи ҳозиргилари билан тенг, аммо комплекс шароитга эга бўлади, деди Президент.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хиёбони ва ижод мактабида бўлди.
Муҳаммад Юсуф халқнинг дарди, қалбидаги қувончу шодликлар, она юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди. Унинг асарлари минглаб қалбларга бахт ва қувонч туйғуси, самимият ва беғуборлик, маънавий гўзаллик улашаётир. Шоир ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб ташкил этиш, ёшларга унинг ижодини, ўзбек адабиётининг янги қирраларини чуқур ўргатиш, истеъдодли ижодкорларни тарбиялаш таклифини илгари сурган эди. Шу асосда 2017 йил 25 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбонни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Андижон шаҳрининг Амир Темур кўчасида шоир номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва шоирнинг бюсти ўрнатилган хиёбон барпо этилди. Бугун мазкур мактабда 250 нафар иқтидорли йигит-қиз таълим олмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, ҳайкалтарош Шоҳруҳбек Ўрозов томонидан яратилган бюст ва икки фаввора, манзарали гул ва дарахт кўчатлари ўтқазилган хиёбон Андижон шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб, ёш ижодкорлар тўпланадиган адабий-бадиий масканларидан бирига айланган.
Президент мактаб-интернат ўқитувчи ва ўқувчилари билан мулоқот қилди. Муҳаммад Юсуфнинг ижодий фаолияти, мактабда ўқиган кезлари фойдаланган ўқув қуроллари, суратлар жой олган музейда бўлди. Ўқувчилар шоир шеърлари ва ўз ижод намуналаридан ўқиб берди.
Муҳаммад Юсуф халқчил шоир эди. У қисқа умри давомида катта маънавий мерос қолдириб кетди. Ватан ҳақида содда тил билан ёзган самимий шеърлари доимо қалбимизда сақланиб қолади. Энг катта бойлик – бу маънавий бойликдир. Шунинг учун ёшларимиз доимо ўқиши, изланиши лозим. Ҳамма нарса ўткинчи. Лекин билим ҳеч қачон йўқолмайди. Билимли одам ҳеч қачон хор бўлмайди. Шунинг учун сизлар ўқиш, изланишдан тўхтамаслигингиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга мактаб-интернат ўқувчилари учун автобус ажратиш, бошқа вилоятлардаги ижод мактабларига бориб, тенгдошлари билан мулоқот қилишига кўмаклашиш, вилоят телевидениесида ўқувчилар иштирокида кўрсатувлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.
Шу билан Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи якунига етди.

 

ЎзА