Брюсселда “Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қандай барҳам бермоқда” мавзусидаги мунозара форуми ўтказилади

1-3 апрел кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзбекистон ипаги” уюшмалари ва Касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарларидан иборат ҳукумат делегацияси амалий ташриф билан Брюсселда бўлади.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги миссияси маълумотларига кўра мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига масъул мамлакатимиз Ҳукумати вакиллари Брюссел шаҳрида “Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қандай барҳам бермоқда” мавзусидаги мунозара форумида иштирок этади. Мазкур тадбир Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, Ўзбекистон, Америка Қўшма Штатлари ва Швейцария Элчихоналари томонидан ташкиллаштирилмоқда. Форум ишида Европа комиссияси, халқаро ноҳукумат ташкилотлар вакиллари, меҳнат ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотлар, пахта ишлаб чиқаришда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши бўлган компаниялар иштирок этади.
Ташриф дастуридан Европа Иттифоқи, Белгия Қироллиги, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, Европанинг йирик ишлаб чиқарувчилари, ритейлерлари ва касаба уюшмалари бирлашмалари ҳамда етакчи Европа брендлари вакиллари билан учрашувлар ўрин олган.
Ҳукумат делегацияси Касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси бош котиби Шаран Барроу, “Human Rights Watch” халқаро ноҳукумат ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар вакиллари билан ҳам музокаралар олиб боради.

 

ЎзА