Қирғиз диаспораси Россия Президентига мурожаат йўлламоқчи

Қирғиз диаспораси Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга Ёқутистонда меҳнат муҳожирларига қўйилган тақиқ билан боғлиқ масалани ҳал этиш бўйича мурожаат йўлламоқчи. 
«РИА Новости»нинг ёзишича, бу ҳақда “Қирғиз бирлиги” ҳудудлараро жамоатчилик ташкилоти раиси Абдуғани Шокиров “Говорит Москва”га берган интервьюсида маълум қилган.
Хабарда қайд этилишича, аввалроқ, Ёқутистон Республикаси раҳбари Айсан Николаев муҳожирларга қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, бунёдкорлик, савдо ва бошқа соҳаларда меҳнат қилишни тақиқловчи ҳужжатни имзолаган бўлган.
А.Шакировнинг фикрича, мазкур ҳужжат Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги келишувлар ва Россия қонунчилигига зид.
Унинг сўзларига кўра, республикага “мослашган” муҳожирлар ўз иш ва яшаш жойларини ўзгартириши қийин кечади.
”Биз албатта, биринчи навбатда Президентга мурожаат қиламиз. Шундан сўнг муаммо давлатлараро даражада ечилиши керак. Бу жуда нозик масала”, деган у.
ОАВнинг сўнгги маълумотларига кўра, Ёқутистон раҳбари ёрдамчиси Ирина Ефимова республикада меҳнат муҳожирларига қўйилган тақиқ Евросиё иқтисодий иттифоқи, хусусан Қирғизистон фуқароларига таъсир қилмаслигини маълум қилган. “Фармонда очиқ-ойдин қилиб ёзилган, тақиқ патент асосида меҳнат қилаётган хорижлик муҳожирларга алоқадор” деган у.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 март куни РФ Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлиб турибди.

 

ЎзА