Халқаро молия-банк форуми

Пойтахтимизда «МДҲнинг молиявий бозорлари: янги имкониятлар» мавзусидаги халқаро молия-банк форумининг биринчи кунидаги тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, МДҲ Молия-банк кенгаши ҳамда “SAIPRO” ахборот-рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа бир қатор маҳаллий ва халқаро молиявий муассасалар кўмагида ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос ва бошқалар мамлакатимиз ва дунё молия-банк муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик алоқалари давлатларнинг иқтисодий ўсишида муҳим аҳамият касб этиши ва ўтказилаётган мазкур форум бундай манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ташкил этилган агентлигимиз қисқа муддатда сезиларли натижаларга эришмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Асқар Обидов. – Жумладан, Ўзбекистоннинг суверен рейтингга эга бўлгани, халқаро бозорда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қимматли қоғозларни айирбошлаш ишлари бошлангани яхши имконият бўлиб, бу капитал бозор иштирокчилари учун яна бир қулайликдир. Форумда «Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш» мавзуидаги маърузамда агентлик фаолияти, мақсад ва вазифалари билан иштирокчиларни батафсил таништирдим.
Форумда сўзга чиққанлар молия-банк секторларининг бугунги ҳолати ва истиқболи, рақамли технологияларнинг ривожланишида молия соҳасининг ўрни ҳақида сўз юритди.
– Иқтисодий ислоҳотлар мамлакат ривожланиши ва иқтисодий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади, – деди Россия Федерацияси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Ксения Юдаева. – Шу сабабли интеграция орқали биз энг яхши иқтисодий натижаларга эришишимиз мумкин. Аввало, интеграция ва бошқа молиявий жараёнлар учун макрооиқтисодий шароит ҳамда молиявий барқарорлик талаб этилади. Бу каби барқарорлик бўлмаса, мамлакатда инвестициявий имкониятлар ривожланмайди.
Форумда экспертларнинг илғор тажрибалари билан ўртоқлашиш ҳамда алоҳида соҳалар ва молия бозорининг турли сектор вакиллари ўртасида музокаралар, ўзаро манфаатли учрашувлар бўлиб ўтди.
Форум доирасида суғурта соҳасида “Олтин соябон” жамоатчилик мукофотини топшириш маросимини ўтказиш ҳамда иштирокчиларнинг Самарқандга саёҳати режалаштирилмоқда.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Ж.Қўчқоров сўзга чиқди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА