Ўзбекистон пахта ишлаб чиқарувчилари Америка бозорига чиқиш имконига эга бўлди

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, 2019 йил 25 март куни АҚШ Меҳнат департаменти ўзбек пахтасини болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланган ҳолда тайёрланган товар сифатида мамлакат ҳудудида давлат харидларини амалга оширишни тақиқловчи Президент актидан чиқариш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган пахта мазкур рўйхатга 2010 йилда киритилган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг июль ойи охирларида Америка идораси томонидан мазкур масалани очиқ жамоатчилик муҳокамасига қўйиш таклиф этилган эди. Ушбу муаммони ўрганиш доирасида ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари – «Cotton Campaign» халқаро коалицияси ва Халқаро меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш форуми (ILRF)нинг фикрлари ҳамда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги дипломатик миссияси вакиллари томонидан тақдим этилган расмий изоҳлар таҳлил қилинди.
Америка идораси «Cotton Campaign» халқаро коалициясининг мазкур қарорини мамлакатда болалар меҳнатига доир ҳолатлар камайгани, ҳуқуқбузарликлар бўйича терговлар самарадорлиги ортгани билан изоҳлади. Олдинги йиллардан фарқли равишда бу галги ўрганишлар фаол жамоатчилик фикрлари асосида олиб борилгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, қарорда меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини самарали аниқлаш имконини берадиган қайта боғланиш механизмлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари идораларининг “Ишонч телефонлари” тизими, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳузурида “юридик клиникалар” ва мамлакат Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти фаол жорий этилгани ҳам баён қилинган.
“Олинган шарҳлар ва мавжуд маълумотлар ўрганилганда Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари камайгани аниқланди. Шу боис ушбу маҳсулотни Ижро буйруғи рўйхатига киритиш учун асос йўқ”, дейилади Меҳнат департаменти қарорида.
Америка идорасининг мазкур қарори АҚШ давлат муассасаларига ушбу маҳсулотнинг болалар меҳнатисиз ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи сертификатсиз харид қилиш имконини беради. Шунингдек, АҚШ Меҳнат департаменти вакилларининг фикрича, ўзбек пахтасининг тақиқ рўйхатидан чиқарилиши Американинг хусусий компанияларига ўзларининг ишбилармонлик мавқеига путур етказмаган ҳолда, Ўзбекистон пахта етказиб берувчилари билан алоқа қилиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон пахта етиштирувчилари учун АҚШ бозорларига чиқиш сари янги истиқболлар эшиги очилмоқда. Ушбу қарор Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг АҚШ томонидан эътироф этилишидир. Айни пайтда бу Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки томонидан ўтказилган мониторинг хулосалари ва натижаларига ҳам тўла мос келади.

 

Роман Бондарчук, ЎзА