Ўзбекистон – Латвия сиёсий маслаҳатлашувлари

Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби ўринбосари, сиёсий директори Янис Мажейкис бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкентда 28 март куни Ўзбекистон – Латвия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг 14 раунди бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакат делегацияларига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Аҳатов ва Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби ўринбосари, сиёсий директори Янис Мажейкис раҳбарлик қилди.
Музокараларда икки томонлама ҳамкорлик, БМТ доирасида, шунингдек, «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» шаклидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Қатор халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон – Латвия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган 1992 йилдан буён самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқаларни янада ривожлантиришга қизиқиш билдирилди.
Латвия мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги асосий савдо шерикларидан. 2018 йилда ўзаро товар айланмаси ҳажми 429 миллион АҚШ долларидан ортиқни ташкил қилди. Бу 2017 йилга нисбатан 50 фоизга кўпдир.
Анжуманда товар ва хизматлар номенклатурасини кенгайтириш орқали маҳсулот етказиб беришни диверсификация қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу борадаги вазифаларга ижобий ечим топишда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Латвия ҳамкорлик кенгашининг биринчи мажлисини ўтказиш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Тадбирда туризм, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари экани таъкидланди. Ўзаро муносабатлардаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
***
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Латвия делегацияси билан учрашди. Мулоқот чоғида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

 

ЎзА