”Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танлови аввалги йиллардан нимаси билан фарқ қилади?

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилади. Жорий йил ҳам “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” республика танловига старт берилди.
Ташкилотчилар томонидан шаффофликни таъминлаш ва кенг оммани жараёнга жалб этиш мақсадида танлов низомига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, олий маълумотли, камида 3 (уч) йиллик педагогик стажли, иккинчи ва ундан юқори малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар танловда қатнашади. Иштирокчилар жорий йилнинг 18 мартидан 5 апрелига қадар Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида ташкил этилган саҳифада онлайн рўйхатдан ўтади.
Шунингдек, ҳужжатлар сони 10 тадан 5 тага қисқартирилди ва барчаси электрон шаклга ўтказилди. Шартлар 5 тадан 3 тага қисқартирилди. Танловни адолатли ўтказиш учун ҳакамлар ҳайъати таркибига барча ҳудудлардан тенг миқдорда вакил олинади.
Танловнинг республика босқичи ғолиблари мос равишда энг кам иш ҳақининг 15, 12, 8 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Амалиётга татбиқ этилган бу ўзгаришлар ўзини оқлайдими? Танлов жараёнида буни кузатиш ва баҳолаш имкониятига эга бўлиш мумкин.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА