Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, жамоат арбобларидан Наврўз байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда.
fa8ef31b-666d-fc6e-6323-008a4fa88266.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Хитой халқининг баҳор байрами муносабати билан йўллаган қутловингиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман. Хитой ҳукумати ва халқи номидан, шахсан ўз номимдан Сизни Ўзбекистон халқининг анъанавий байрами – Наврўз билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.
Сизга мустаҳкам соғлик, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизга зафарлар тилайман!
Дўст Ўзбекистон халқи бахтли ва фаровон бўлсин!
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
 
444a6c03-6f6e-d40d-0bef-573e7f18b53a.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизни ва бутун Ўзбекистон халқини халқларимиз учун муштарак бўлган Наврўз байрами билан чин юракдан табриклайман!
Инсониятга эзгу қадриятлар улашувчи, одамларни дини ва тилига қараб ажратмайдиган, тинчлик ва бирдамликка даъват этувчи ушбу айём қардош халқларимизга ўз ҳаётбахш кучини ато этсин, кўп шодликлар ва бахт-саодат олиб келсин.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик бундан буён ҳам мустаҳкам дўстлик ва шериклик асосида изчил ривожланишига ишончим комил.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинч-фаровон ҳаёт ва равнақ тилайман.
Энг эзгу тилаклар ила,
Нурсултон Назарбоев,
Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти
 
077bed11-e837-48f0-7657-581edce76e98.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Қирғизистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан Сизни ва бутун Ўзбекистон халқини баҳор айёми – Наврўз билан самимий муборакбод этаман!
Баҳорги тенгкунлик билан боғлиқ ушбу ёрқин байрам Марказий Осиё халқлари томонидан кенг нишонланмоқда.
Ушбу баҳор айёми давлатларимиз ва ҳар бир оилага тинчлик-хотиржамлик, битмас-туганмас куч-қувват ва фаровонлик олиб келсин. Халқларимизга эса қут-барака, тинчлик ва бирдамлик олиб келсин!
Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз Қирғизистон ва Ўзбекистон халқларининг манфаатлари йўлида бундан буён ҳам жадал ривожланиб боришига қатъий ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизга муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Сооронбай Жээнбеков,
Қирғизистон Республикаси Президенти
 
 
 
5cbd2780-1f9f-ad0e-76e7-0685623d2b4f.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизни ва биродар Ўзбекистон халқини баҳорги тенгкунлик ва шарқона Янги йил – файзли Навўз байрами билан қутлайман!
Эзгулик ва бунёдкорлик қадриятларини тарғиб этувчи бу байрам уни анъанавий равишда нишонлайдиган халқлар ва мамлакатлар ташқарисида ҳам кенг тарқалиб, сайёрамизнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган инсонлар учун ҳам қадрли бўлиб қолгани, халқларимиз учун муштарак бу қадимги айём халқаро ҳамжамиятда кенг кўламда ва кўтаринки кайфият билан нишонланаётгани бизни қувонтиради.
Аминманки, мамлакатларимиз Наврўзнинг юксак маънавий қадриятлари – дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, бағрикенглик, эзгулик ва ўзаро англашувга таяниб, бундан буён ҳам дўстона алоқалар ва кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этади.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ҳамда Ўзбекистонда ижтимоий ривожланиш ва тараққиётни таъминлаш йўлида янги зафарлар, қардош халқингизга эса тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик тилайман.
Ҳурмат ила,
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
 
5c30eb6d-8e4e-76cf-ffcc-74a2fd3907df.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович, қадрли қардошим!
Халқаро Наврўз айёми муносабати билан Сизга ва Сиз орқали қардош Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллаш менга шараф бағишлайди.
Бутун инсоният бой маданий меросининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилган Наврўз байрами табиат уйғониши, ҳаёт тантанаси ва баҳорий кўркамликни ифодалайди.
Ўзаро ҳурмат, тинчликсеварлик ва яхши қўшничилик анъаналарини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём халқлар ўртасида бирдамлик ва дўстликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу файзли байрам Сиз ва қардош Ўзбекистон халқига шодлик, фаровонлик ва равнақ олиб келсин!
Чуқур ҳурмат ила,
Гурбангули Бердимухамедов,
Туркманистон Президенти
 
1fdf3585-882c-8d58-6ebe-63e808d55ac6.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Озарбайжон халқи номидан ва ўз номимдан Сизни ва Сиз орқали бутун Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан самимий қутлайман.
Табиат уйғониши рамзи бўлмиш ушбу баҳорий айём қалбларга шодлик бағишлаб, одамларни дўстлик, эзгулик ва бирдамликка чақиради.
Халқларимиз иродаси билан, Наврўзнинг қадимий анъаналарига таянган ҳолда, биз бундан кейин ҳам Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини биргаликда мустаҳкамлаб боришимизга ишонаман.
Ушбу қутлуғ кунларда Сизга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, қардош Ўзбекистон халқига эса абадий тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Ҳурмат билан,
Илҳом Алиев,
Озарбайжон Республикаси Президенти
 
 
 
e056e0a9-da9f-bb3a-343a-b09929e0c17f.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Янги 1398 ҳижрий-шамсий йил ва Наврўз халқаро байрамининг кириб келиши муносабати билан Афғонистон Ислом Республикаси халқи ва шахсан ўз номимдан Сиз, Жаноби Олийларига ва биродар Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Қадимий ва муштарак маданий анъаналаримиздан бири ҳисобланган Наврўз халқаро байрами мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Янги йилнинг кириб келиши билан элларимиз ва ушбу буюк меросдан баҳраманд барча давлатларнинг биродар халқлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб боришига умид қиламан.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу айём билан яна бир бор муборакбод этган ҳолда, Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига эса бахт-саодат ва фаровонлик тилаб қоламан.
Муҳаммад Ашраф Ғани,
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти
 
0503965e-c31d-29c3-174c-a7dc21e032f9.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Гўзал баҳор яна чеҳрасини очиб, ҳижрий-шамсий 1398 йил бошланиши ва қадимий Наврўз кириб келиши муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларини муборакбод этаётганимдан чексиз мамнунман.
Борлиқ узра Наврўзи оламнинг қувончлик наволари таралиб, атроф ям-яшил майсалару гулларга бурканган ҳолда табиатнинг жонланиши, мусаффо осмон бўйлаб қардирғочлар чуғурлаши – барча-барчаси Парвардигорнинг қудратини намойиш этиб, эски-тускилардан қутулиш, қиш совуғини унутиш, гўзалликнинг янгиланиши ва меҳрибонлик айёми келганидан дарак беради.
Умидим шулки, ер бағри исиб, табиат уйғониши билан одамларнинг ўй-фикрлари ва қарашлари ҳам ён-атрофига уйғун равишда янглилансин; баҳорий мушфиқликдан илҳомланиб, бир-бирларига янада меҳр-шафқатли, оқибатли бўлишсин, янги йилни осойишталик, хотиржамлик ва ишқу муҳаббатда бошлашсин; биз, давлат раҳбарлари эса, баҳорий шайдолик эпкинларидан руҳланиб, халқларимиз ўртасида мустаҳкам тинчлик ва бирдамлик шароитини яратиб, халқларимизга тўкин-сочинлик, кун сайин гуллаб-яшнаш неъматини тортиқ қилайлик.
Худованди каримдан Сиз, Жаноби Олийларига ва дўст Ўзбекистон халқига янги йилда янги орзу-умидлар, қувонч ва фаровон ҳаёт тилаб қоламан.
Ҳасан Руҳоний, 
Эрон Ислом Республикаси Президенти
Шунингдек,
Саудия Арабистони Қироли Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд
Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён
Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ижроия кенгаши раиси Абдулла Абдулла
Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ва бошқалар табрик йўллаган.
Қутловлар келиши давом этмоқда.