Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи

Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!
 
Қадрли меҳмонлар!
 
Хонимлар ва жаноблар!
Шу тароватли кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Азим пойтахтимизнинг марказида бунёд этилиб, яқинда фойдаланишга топширилган муҳташам “Ҳумо” кошонасида сиз, азизларни, сизлар орқали кўпмиллатли бутун халқимизни Наврўз байрами билан чин қалбдан табриклашни ўзим учун катта шараф, деб биламан.
Мана шундай файзли, шодиёна айёмда барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва овулларда Наврўз сайлини ўтказаётган барча-барча юртдошларимга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин!
 
Шарқона Янги йилимиз – Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин!
Ҳурматли дўстлар!
Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади.
Бу йилги Наврўз байрами ушбу муаззам саройда ўтаётганида ўзига хос рамзий маъно бор, албатта. Афсонавий Ҳумо қуши – эзгулик ва бахт тимсоли, Наврўз эса баҳор ва бахт айёмидир. Бу икки улуғ тимсол, яъни, Ҳумо ва Наврўз фалсафаси ўзаро уйғун бўлиб, ҳаётимизни янада мазмунли ва мунаввар этгай, иншооллоҳ.
Азиз юртдошлар!
Барчамизга маълумки, Наврўз – янги кун, янги фасл демакдир.
Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда.
Жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда.
Бу – эркинлик ва озодликнинг янги даври, бунёдкорлик ва фаровонликнинг янги, юксак босқичидир.
Бу – “Халқ манфаати ҳамма нарсадан улуғ” деган эзгу ғоя амалий ишлар билан ўз тасдиғини топаётган даврдир. Янги-янги уй-жойлар, замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, обод қишлоқ ва шаҳарлар юртимиз чиройига чирой қўшаётган давр бу.
Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мададга муҳтож инсонлар ва оилаларга чинакам кўмак ва ёрдам бериш, меҳр-оқибат кўрсатиш ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётган давр бу.
Бу – жаҳон ҳамжамияти билан, энг аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик эшиклари кенг очилаётган замондир.
Бу – ўзгариб, куч-қудратга тўлиб бораётган, дунё аҳли эътироф этаётган янги Ўзбекистондир.
Айни вақтда буларнинг барчаси – биз танлаган олис ва машаққатли йўлдаги дастлабки қадамлардир.
Бугун кўпни кўрган, мард ва олижаноб халқимиз ўзининг фидокорона меҳнати билан, келажакка мустаҳкам ишончи билан шонли тарихимизнинг янги саҳифасини яратмоқда.
Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай меҳнаткаш, матонатли, бағрикенг, Ватанга садоқатли халқимизга фарзандлик меҳрим билан чин юрагимдан таъзим қиламан.
Муҳтарам дўстлар!
Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда. Барчангизга аёнки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан 21 март – бутун дунёда Халқаро Наврўз куни сифатида кенг нишонланмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, мана шу муҳташам кошонамизга ташриф буюрган чет давлатларнинг муҳтарам элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини, барча хорижий меҳмонларимизни, олис ва яқин мамлакатлар халқларини Наврўз байрами билан табриклаб, уларга тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилашга рухсат бергайсиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Бепоён юртимизни қамраб олган халқ сайилларида бугун “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” деган эзгу тилаклар янграмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Наврўз ўзининг буюк қудрати билан табиатни уйғотмоқда. Ислоҳотлар эса жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини уйғотмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга – ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилганини сиз, азизлар яхши биласиз. Биз шу йўлда ўз олдимизга улкан марра ва вазифаларни қўйдик ва уларни халқимиз билан бирга албатта амалга оширамиз.
Бугун миришкор деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошламоқда. Барчамизнинг тилагимиз битта: йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, меҳнатингиздан барака топинг, қадрли дўстлар!
Муҳтарам отахон ва онахонлар!
 
Мунис опа-сингиллар!
 
Қадрли ака-укалар!
 
Халқимизнинг ишончи ва таянчи бўлган навқирон ёшлар!
 
Азиз фарзандларим!
Ҳаммамиз учун суюкли ва ардоқли Наврўз байрами билан барчангизни яна бир бор чин дилдан табриклайман!
 
Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
 
Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин!
 
Ватанимиз янада обод, халқимиз доим омон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати маълум қилди.

 

ЎзА