Афғонистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган табригингиз мени ғоят мамнун этди. Бунинг учун сизга миннатдорлик билдиришга, бутун афғон халқи ва шахсан ўз номимдан Сизни ва биродар Ўзбекистон халқини ушбу муҳим сана билан муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Қадрли биродарим, муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти!

Халқларимизнинг тили, дини ва маданияти яқин экани ўзаро дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Афғонистон ва Ўзбекистон Республикаси халқларимиз манфаатига хизмат қиладиган ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича салмоқли қадамлар ташлади. Менинг ва Афғонистон делегацияларининг Ўзбекистонга сўнгги сафарлари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканимизнинг яққол тасдиғидир. Сизга ва бутун ўзбек халқига ушбу йиллар мобайнида кўрсатилган ёрдам учун ўз миннатдорлигимни билдираман.

Афғонистон мамлакатларимизни янада яқинлаштириш ва иқтисодиётимизни ривожлантиришга хизмат қиладиган қўшма лойиҳалар устида ишлашни давом эттиради.

Мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз учун Сизга яна бир бор ташаккур изҳор этаман. Бу ҳамкорлик бундан кейин ҳам фақат кенгайиб бораверишига ишончим комил.

Сўзим охирида Сиз, Жаноби Олийларига яна бир бор мустаҳкам соғлиқ, халқингизга бахт ва фаровонлик тилайман.

Муҳаммад Ашраф ҒАНИ,
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти