Халқаро таълим кўргазмаси иш бошлади

Айни вақтда Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда “EDU-EXPO” компанияси ҳамкорлигида ёшларни хорижда таълим олиш бўйича кенг маълумот тақдим этиш мақсадида ташкил этилган халқаро таълим кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
 
14 (2).JPG
Кўргазмада Англия, Австралия, АҚШ, Канада, Хитой, Малайзия, Германия ва бошқа Европа давлатларининг 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари, Тошкент шаҳрида жойлашган халқаро университетларнинг филиаллари ва ўқув марказлари вакиллари иштирок этмоқда.
14.JPG
– Хорижда ўқишни мақсад қилган аксарият ёшлар “Google”га қидирув беради ва улар юзлаб университет тавсияларига дуч келади, – дейди “EDU-EXPO” корхонаси халқаро бўлим менижери Насиба Раупова. – Танлов кўплигида ёшлар қайси бирини танлашни билолмай қоладилар. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – хориж университетларида таҳсил олиш истагида бўлган ёшларга яқиндан кўмак бериш, яъни университет вакиллари билан тўғридан тўғри мулоқот қилишига имконият яратиш. Биз хорижий университетларни жалб этишда халқаро рейтингда кучли мингталикка кирганларинигина танлаб олдик. Боиси уларнинг дипломлари мамлакатимизга нострификациясиз тан олинади. Талабалар қизиқиши ҳам ҳисобга олинди ва келгусида кўргазма ҳар йили икки мартадан ўтказилади. Кўргазмамизга талабалардан ташқари уларнинг ота-оналари ҳам келиб маълумот олишлари мумкин.
Тадбир давом этмоқда.

 

Инобат Аҳатова, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА