Курсантлар 8 мингдан ортиқ камчиликларни аниқлади

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти курсантларининг Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаларида амалиёти ташкил этилди. 
Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган амалиётда битирувчи курсантлар “Ёнғин назорати ва профилактикаси бўлими катта муҳандиси” ва “Хизмат ва касбий тайёргарликни ташкил этиш бўлими катта муҳандиси” лавозимларида амалиёт ўтади. Улар 2 ой мобайнида жойларда малакавий амалиёт ўташи билан бир қаторда, аҳоли турар жойларида ёнғинлар профилактикаси ва фуқароларнинг ис газидан заҳарланишини олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам амалга оширди.
photo5210927234775362100.jpg
Хусусан, маҳаллаларда фуқароларнинг ис газидан заҳарланишига олиб келадиган омиллар, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, шунингдек, газ тармоғига нотўғри уланиш, хонадонларда очиқ оловдан фойдаланиш ҳамда дудбўронларнинг носозлиги оқибатида келиб чиқаётган бахтсиз ҳодисалар аниқланди. Содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар ва бошқа нохуш ҳолатларни олдини олиш бўйича жами 45 мингдан ортиқ хонадонда профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.
Амалиёт жараёнларида 8 мингдан ортиқ соҳага оид камчилик аниқланди, – дейди институтнинг технологик жараёнлар ёнғин хавфсизлиги кафедраси катта ўқитувчиси Одил Тўлаганов. – Жумладан, иситиш печларидан фойдаланиш ва электр сим кабелларидаги носозлик ҳолатлари оқибатидан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар хусусида аҳолига тушунчалар берилди. Шунингдек, курсантлар томонидан амалиёт даврида бириктирилган мураббийлар иштирокида ишлаб чиқариш корхоналарида, 1 минг 165 мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаб ва касб-ҳунар коллежи, 166 оилавий поликлиника ва шифохона ҳамда 147 бозор ва савдо марказида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Институт профессор-ўқитувчилари ва курсантлари томонидан тарғибот-тушунтириш ишларини давом эттириш режалаштирилган.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА