Қора уй – қорақалпоқ халқининг ўтмишидан сўйлайди

Инфо-тур иштирокчилари қора уй ясаш жараёни билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташкил этилган инфо-тур доирасида тадбир иштирокчилари қора уй ясаш жараёни билан танишди
Қорақалпоқ ўлкасини кўз олдида келтирган кишининг хаёлида ушбу масканнинг ўтовлари, яъни қора уй гавдаланади.
photo5210675236159204371.jpg
Юртимизда ҳам Наврўз байрамига бағишланган халқ сайлларида ана шундай миллийликни, тарихни акс этган қора уйлар тикланади. Бу бежиз эмас албатта.
Ўтов қуриш, уни безатиш билан боғлиқ кўникмаларга эга бўлганлар орамизда кам учрайди.
Қора уй ҳақида кўп эшитгандирсиз, киноларда кўргандирсиз, аммо бу уйда бўлиш, дам олиш, бир пиёла чой ичиш гаштини ҳис қилмаганлар кўпчиликни ташкил қилса керак.
Қора уй қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий қадриятларидан бири ҳисобланади. Қора уй ўзининг қурилиши, ўзгача кўриниши билан бошқа халқлар ўтовидан ажралиб туради. Ўтовларда қорақалпоқ халқининг ақл-заковати, неча асрлик ҳаёт тарзи яшаб келмоқда.
Бугун бундай ўтовлардан ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишда ҳам кенг фойдаланилмоқда.
photo5210675236159204372.jpg
Бугунги кунда Аёзқалъа, Тупроққалъа ёки Мўйноқда ва ҳатто Орол денгизи бўйларида тикилган ўтовлар хорижий сайёҳларда ўзига хос таассурот қолдирадиган масканларга айланган.
Мазкур ўтовни тиклаш ҳам ўзига хос меҳнат талаб этади. Ўтов тиклашда ишлатиладиган ашёлар тайёрлайдиган усталарни “уйчи” дейишади. Ҳудуд усталарининг таъкидлашича, қора уйни тиклашда ҳар қандай ёғочдан ҳам фойдаланиб бўлмайди. Ўтов ясаш қорақалпоқ халқига ота мерос.
Ўтов, умуман, у билан боғлиқ урф-удумлар қорақалпоқларнинг аждодларидан мерос қадим қадриятларидан саналади. Халқ орасида унинг “қора уй”, “оқ ўтов”, “бўз ўтов”, “бўз ўрда” каби номлари ҳам бўлиб, олти, саккиз, ўн икки қанотлилари мавжуд.
Ўтов чидамли, эгилувчан толдан ишланади. Қора уй 3 босқичда ишланади – дастлаб, кереге (ёғоч панжара), ундан сўнг шанироқ (қора уйнинг том қисми), сўнгги босқич увиқ (тиргак) деб юритилади.
Ушбу қисмларни тайёр ҳолга келтириш анча мураккаб жараён бўлиб, қуритилган ёғоч бирмунча вақт сувда сақланади. Кейин яна қуритилади, қобиғи арчилади ва керакли йўғонликка келтирилади. Сўнг яна сувга солиб, махсус печ мўрисига қўйилади.
photo5210675236159204373.jpg
Лойдан ишланадиган ушбу мўрининг бўйи 180, эни 90-100 сантиметр бўлади. Печдаги тутун таъсири билан ёғоч юмшайди ва осон эгилади. Увиқлар узунлиги 2 метрдан зиёдроқ ёғочдан тайёрланиб, “тез” деб номланган махсус ускунада эгилади.
“Қора уй” нинг юқори қисми чанғароқ деб аталиб, у толдан эгик доира шаклида тайёрланади. Айланаси 8-9, қалинлиги эса бир қарични ташкил этади. Маҳаллий аҳоли уни “қасқоқ” деб атайди. Чанғароқ қасқоқининг устки қисмига толдан тайёрланган таёқлар гумбаз шаклида эгилиб, чанғароқ тепароғидан ўйилган биринчи қатор тешикларига жойланади. Таёқлар хоч шаклида кесилиб, ўрта қисми туя ёки ҳўкиз терисидан тайёрланган тасма билан боғланади. Чанғароқнинг асоси бўйлаб “чанғароқ солма” деб номланган қизил ип айлантирилади.
Бош қисмида ип боғланадиган тешиги бўлиб, учи тиғли келади. Қора уйнинг ёғоч панжараси ҳам “тез”га солиш билан эгилади, панжара билан тиргак эгилгандан кейин “кўклаш” бошланади. “Кўклаш”да асосан телетин ипдан (телетин – лошланган қора мол терисидан тайёрланган ип) фойдаланилади. Телетин ип билан ёғоч панжара бир-бирига бириктирилади, учлари тугилади. Панжара кўклаш орқали чўзилади ва йиғилади.
photo5210675236159204374.jpg
Шанироқ – қора уйнинг энг муҳим қисми бўлиб, у гумбазсимон доирадан иборат. Шанироқнинг ўртасига эгилиб ишланган икки қаторли ярим доира ёғоч “тўғин” дейилади.
Қора уйнинг яна бир қисми эрганак, яъни эшик деб юритилади. Уни бошқа уста ишлайди. Эрганак ўйма нақшлар билан безалади ва қизил рангга бўялади.
Қора уйнинг 6, 8, 12 қанотли турлари бор. 5 қанотли уйлар кам учрайди. Одатда, 6 қанот уйлар ёш оилалар учун махсус тикилган. 8 қанотли уйлар эса оиладагилар сони кўпайганидан сўнг тикилган.
Энг йирик – 12 қанотли уй қишлоқ ташқарисидаги “Маслаҳат тепа”га тикилиб, унда оғалар, яъни бийлар ва беклар эл-юрт тақдири билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилиш учун йиғилган. Қора уй безак буюмларининг барчаси қўлда ишланган, яъни ўрмакда тўқилган. Кигиз асосан қўй, арқон эса туя жунидан тайёрланган.
Қора уйга нақшли безакларига қараб оқ ўтов, бўз ўтов деб таъриф берилган. Қора уйнинг ўртасида тўрт қиррали ўчоқ ўрнатилиб, тутуни уй туйнугидан чиқиб кетади. Уй ичида қаршин – кўрпа-тўшак остига қўйиладиган ва ичига нарса солинадиган буюм қўйилади.
Бундай уй-жойлар маҳаллий аҳолига асрлар мобайнида хизмат қилиб келган.
Ўтов тиклашда унинг ташқи томондан ўраладиган жиҳозларига ҳам алоҳида эътибор берилган. Ўтовнинг таркибий қисми саналган “чийлар” эса ташқи муҳитдан ҳимоя, шунингдек, турли ҳашарот ва кемирувчилардан сақлаган.
photo5210675236159204375.jpg
Чийлар беш-олти қарич узунликдаги қамишдан тўқилиб, керагаларга уланган. Бунда икки ёки учта чий етарли бўлган. Чий тўқишда маҳаллий хомашё — қамишдан кенг фойдаланилган. Қамиш аввал пўстлоғидан ажратилиб, беш ёки олти қарич узунликда қирқилиб тайёрланган. Сўнгра дастгоҳда эчки жунидан йигирилган шардозлар, яъни иплар ёрдамида тўқиб чиқилган. “Қора уй”нинг керага ва бўсағалари ўрнатиб бўлингандан сўнг керагадан жундан тўқилган боғиш ҳамда айил айлантирилган ва икки учи ён бўсағаларига тортиб боғланган. Бу керагаларнинг чўкиши ва қийшайишининг олдини олади.
Ердаги намликдан сақланиш мақсадида ўтов ичига доимий равишда бўйра тўшалади ва унинг устидан кигиз ташланган.
Ўтовда ёзилмаган аммо қатъий қоида мавжуд бўлиб, ўнг томонида ёшига қараб эркаклар, сўл томонида хотин-қизлар ўтиради. Ўнг томон муқаддас ҳисобланган ва эркаклар ўтирган ўринни хотин-қизлар босиши қатъий тақиқланган.
Қора уйга кириш эшигидан энгашиб кириш бу хонадонга таъзим қилиб, ҳурмат кўрсатиш рамзидир.
photo5210675236159204376.jpg
Ўтов қайсидир маънода қорақалпоқ тарихини, миллийлигини, урф-одатларини акс эттирувчи рамзий маъно ҳамдир. Қонликўл туманида «Бескупир» овул фуқаролар йиғинида миллийлик ва замонавийликни мужассам этган қора уй (ўтов) лойиҳасидаги бекат ҳам қурилган.
Ўтовга бир бора кирсангиз, худди тарихга, ўтмишга саёҳат қилгандек бўласиз. Ўтмишга саёҳат, аждодлар нафасини ҳис қилиш эса кишига ўзгача тасаввур бағишлайди . Мозий нафаси-ю аждодлар диди ва маҳорати, сингган миллий ва амалий санъат келажак учун ҳамиша қизиқдир.
Юксак дид ва маҳорат билан яратилган бу каби миллий қадриятларимиз акс этган “қора уй”лар юртимизга ташриф буюрган ҳар бир хорижликни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.
photo5210675236159204378.jpg
photo5210675236159204379.jpg
photo5210675236159204380.jpg
photo5210758841992587711.jpg

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА