Ўзбекистон – Қозоғистон бизнес-форуми​

Пойтахтимизда 13 март куни Ўзбекистон – Қозоғистон тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида мавжуд савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Унда икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Форумда меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ташкил этилган B2B форматдаги учрашувларда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, саноат, ишлаб чиқариш, транспорт ва транзит соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимиздан Қозоғистонга табиий газ, мева-сабзавот, полиэтилен, тўқимачилик маҳсулотлари, турли металл ва минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда. Ўз навбатида, Қозоғистондан қора металл, нефть маҳсулотлари, оҳак, цемент, алюминий, пахта ва соя ёғи, дон ва дон маҳсулотлари импорти йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда икки давлат капитали иштирокида 290 га яқин қўшма корхона фаолият юритади. Қозоғистоннинг 16 та компанияси Ўзбекистонда ваколатхонасини очган. Ҳамкор давлат ҳудудида мамлакатимиз резидентлари иштирокидаги 199 та қўшма корхона, савдо уйлари ташкил этилган.
Бизнес-форумда икки давлат ишбилармон доира вакиллари ўртасида ҳамкорлик, қўшма лойиҳаларни амалга оширишишга доир қатор келишувларга эришилди.

 

Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА мухбири