Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокамаси

Пойтахтимизда Ўзбекистон, Афғонистон, Мўғулистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон илғор тажриба марказларининг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий материаллар (КБРЯМ) бўйича миллий мувофиқлаштирувчилари, Европа Иттифоқи ва қатор бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Марказий Осиё учун тўққизинчи минтақавий кенгаш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи, Европа Иттифоқининг КБРЯМ хавфини камайтириш бўйича ташаббуси Минтақавий котибияти бошлиғи Б.Ғуломов, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича Илғор тажриба маркази мувофиқлаштирувчиси Тристан Симонарт ва бошқалар бу соҳада минтақамиз давлатларида амалга оширилаётган лойиҳалар эзгу мақсадларга қаратилганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Минтақавий котибият фаолиятига доир ахборот тақдим этилди. Таҳлил жараёнида “Аҳолининг турли гуруҳлари орасида ЕИнинг КБРЯМ хавфини камайтириш бўйича ташаббусини оммалаштириш” инновацион лойиҳаси ва “Жайрон” дала машғулотлари муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Афғонистон илғор тажриба марказларининг КБРЯМ бўйича миллий ҳаракатлар режалари тақдимоти ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда ЕИ ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Марказий Осиё мамлакатларида кимёвий ва биологик чиқиндиларни бошқариш” лойиҳаси фаол амалга оширилмоқда. Айни пайтда “Марказий Осиё мамлакатларида биохавфсизлик ва биоҳимоя бўйича миллий ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва ихтисослашган тайёргарликни таъминлаш” лойиҳаси якунланиш босқичида турибди.
Кенгашда БМТ Хавфсизлик кенгашининг КБРЯМ хавфини камайтиришга оид резолюциясини бажариш бўйича минтақа давлатларининг миллий ҳаракатлар режалари кўриб чиқилди.

 

Н.ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири