Шавкат Мирзиёев: Замонавий, энергия тежамкор технологиялар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади

Президентимиз «Навоийазот» акциядорлик жамиятига ҳам борди.
Шавкат Мирзиёев 2018 йил мазкур корхонада бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган учта йирик инвестиция лойиҳаси билан танишган, уни ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган эди.
“Навоийазот” акциядорлик жамияти 1964 йилда ишга туширилган. Корхонада қишлоқ хўжалиги, нефть-газ тармоғи, энергетика ва тоғ-кон саноати эҳтиёжи учун 70 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади. Вақт ўтиши билан технологик ускуна ҳамда қурилмалар жисмонан ва маънан эскирди. Улар кўп миқдорда электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни сарф қилиш эвазига маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Яъни, фойдали иш коэффиценти бугунги даврга умуман мос келмай қолди. Бу жиҳатлар эътиборга олиниб, корхонада босқичма-босқич модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, жамият ҳудудида учта йирик инвестиция лойиҳаси – Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол, аммиак ва карбамид ҳамда Азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилмоқда.
Президентимиз ушбу янги объектлардаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар, хорижлик инвесторлар билан мулоқот қилди.
Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Қурилиш ишларини Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. LTD” ва «HQC (Shanghai)» компаниялари консорциуми ҳамда юртимиз мутахассислари амалга оширмоқда.
Корхона фойдаланишга топширилгач, йилига импорт ўрнини босувчи 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол тайёрланади. 900 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг 50 фоиздан ортиғини экспорт қилиш кўзда тутилган.
Қурилиш ишларида кўплаб замонавий техника, мингдан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонани малакали ходимлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу ерга ўрнатиладиган замонавий ускуналарни бошқариш учун мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида инженер-технолог, механик, энергетик, иқтисодчи ва дастурчилар тайёрланмоқда. 660 нафардан зиёд ишчи Навоий шаҳридаги касб-ҳунар коллежларида таҳсил олмоқда. Мутахассислар мамлакатимиз ва хориждаги корхоналарда малака оширмоқда. Корхонани жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Президентимиз бу ерда ишлайдиган кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимлигини қайд этди.
“Навоийазот” акциядорлик жамиятининг мавжуд (1964 йил) энергия сарфи юқори бўлган аммиак ишлаб чиқариш 1-2 навбатлари эксплуатациядан чиқарилмоқда. Хусусан, Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 985 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган лойиҳа амалга оширилаётир. Қурилиш ишлари якунлангач, бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак, шунингдек, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади. 491 иш ўрни яратилади.
Япониялик ҳамкорлар (“Mitsubishi Heavy Industries, Ltd”, “Mitsubishi Corporation” компаниялари) билан биргаликда барпо этилаётган мажмуани 2020 йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Акциядорлик жамиятининг азот ишлаб чиқариш бўйича эски (1965 йил) 1-2 навбатлари ҳам эксплуатациядан чиқарилмоқда. Яъни, жорий йил яна бир лойиҳа – Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши ниҳоясига етказилади. Техник иқтисодий асосларга мувофиқ умумий қиймати 216,6 миллион АҚШ долларига тенг ишлаб чиқариш объекти Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси томонидан бунёд этилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш мумкин бўлади. Шунингдек, 122 та янги иш ўрни яратилади.
Президентимиз замонавий энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланадиган мазкур мажмуалар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, таннархини тушириш, рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омил бўлишини қайд этди.
Шу ерда Навоий вилоятида мамлакатимизнинг Америка Қўшма Штатлари, Бирлашган Араб Амирликлари ва Украинадаги элчихоналари томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Президентга вилоятда саноатни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш ва бошқа тармоқларда бажарилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
38d01206-6d47-fa56-86c8-600d8148c4c1.jpg
aa39ea7f-e3b2-05ef-156d-9a764cc8a97a.jpg
8036c5a6-1a82-cff1-5e83-80378f24da28.jpg

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА