932 носоз газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланди

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хонадонларда иситиш тизими қурилмаларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганди.
Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, Нукус шаҳри ва барча туманларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 2018 йил 1 ноябрдан шу кунга қадар ўтказилган рейдлар давомида 398 минг 426 та аҳоли яшаш уйлари ва 1 минг 578 та кўп қаватли уйларнинг 26 минг 162 та хонадонлари текшириб чиқилди. Текширувлар давомида жами 37 минг 973 та камчиликлар аниқланиб, ушбу камчиликларнинг 26 минг 899 таси жойида бартараф қилинди. Хавфсизлик қоидаларини бузган 578 нафар фуқарога нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. 932 носоз газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 262 та маҳаллаларда 774 нафар фуқаролар муҳокама қилинди.
a13b1cbf-615d-4d54-bc63-03c8f98142b8.jpg
Ёнғинлар, уларда фуқароларни тан жароҳати олиши ва вафот этиш ҳолатлари, шунингдек, табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда фуқароларнинг ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мавзуларида тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилди. Ёнғин хавфсизлигини тарғиб этувчи эслатма ва йўриқномалар тайёрланиб, жойларга тарқатилмоқда. Маҳаллаларда ва ижтимоий соҳа объектларида учрашувлар ўтказилиб, ёнғин ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
– Юртимизда баҳор кунлари бошлангани билан об ҳаво тўлиқ илиб кетмади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, майор Азамат Давлетов. – Хонадонларда ҳамон иситиш мосламалари ва газдан фойдаланилмоқда. Шунинг учун аҳолини ёнғин ва ис газидан доимо ҳушёр бўлишга чақирилмоқда.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА