Ҳаётимиз гултожи, мунис аёлларимиз ҳамиша эъзозда

Азалдан аёлларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларга ғамхўрлик қилиш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми саналади. Улар бежиз ёшариш ва янгиланиш фасли – баҳорга қиёсланмайди. Мамлакатимизда лобар, иродали, ишбилармон, истеъдодли хотин-қизлар доимо эътироф этилиб, эъзозланади.
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
IMG_20190308_102539_582.jpg
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ватанимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётган, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фидокорона фаолият олиб бораётган аёллар, иқтидорли қизлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари сафидаги хотин-қизлар иштирок этди.
Байрам иштирокчилари дастлаб Мустақиллик ва эзгулик монументи – Бахтиёр она ҳайкали пойига гул қўйди. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Тантанали тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизларини табриклади.
IMG_20190308_102542_166.jpg
Халқ розилиги, аввало, муҳтарама оналар, хотин-қизларнинг розилиги билан боғлиқлиги, уларнинг соғ-саломат бўлиб, бахтли яшашини таъминлаш барча ислоҳотларнинг асосий мақсади ва мезони экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг бундан бир йил муқаддам қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини замон талабига монанд йўлга қўйиш имконини берган бўлса, ушбу ҳужжат билан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мутлақо қайтадан, янгича асосда ташкил этилди.
Ҳужжатга кўра, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширишга оид амалий ишлар тубдан такомиллаштирилди. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ишлар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.
Ҳар икки ташкилот томонидан бевосита оилалар билан ишлашга жиддий аҳамият берилмоқда. Ҳудудларда хонадонма-хонадон юриб, оилалар, хотин-қизларни ўйлантираётган долзарб масалалар чуқур, таҳлилий тарзда ўрганилмоқда. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш орқали оилалар фаровонлигини юксалтириш бўйича ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида жойларда “Келин-куёв инновацион мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Бу борадаги амалий чора-тадбирларнинг барчаси оилалар фаровонлиги, ундаги ижтимоий, маънавий-ахлоқий муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ҳамда нуфузини ошириш, фарзандларимизни миллий, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, соғлом ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 6 март куни қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги, саноат, тадбиркорлик, фан-техника, инновация, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда алоҳида ташаббус кўрсатиб, самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёллар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида атоқли олимлар, шоир ва адибларнинг садоқатли умр йўлдошлари ҳам борлиги алоҳида эътиборга молик.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 мартдаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан йигирма саккиз нафар қиз аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокчи аёлларга юксак мукофотларни тантанали равишда топширди.
Байрам санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.

 

Зиёдулла Жонибеков, Аъло Абдуллаев, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА