Ўзбеклар Мисрни бошқарган, боғ қурган ва олтин даврга асос солган

Ўзбеклар Мисрни бошқарган, боғ қурган ва олтин даврга асос солган

Яқинда Бухорода ўтказилган биринчи Зиёрат туризми форумида Миср Вакиллар палатасининг Ижтимоий бирдамлик, оила ва ногиронлар қўмита раиси Абдулҳадий Ал-Касабийдан қадимги Миср давлатини ўзбеклар бошқарганига оид манбалар борлиги, ҳаттоки Ўзбекия боғи ва шу номдаги туман борлигини эшитганимда, ҳайратга тушдим. 
 
2.jpg
Ушбу маълумотга ишонишимга асос бўлган фикр уни айтаётган инсоннинг жамиятда тутган ўрни бўлди. Йирик бир давлатнинг сиёсатчи арбоби, бошқа давлат аҳлини шунчаки мақташ учун бундай маълумотни келтирмайди, назаримда.
Шундай бўлса-да, бу маълумотнинг ростлигини аниқлаштириш, Мисрдаги Ўзбекия боғи ва унинг кўриниши ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун изланишни бошладик. Албатта, бу борада Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакиллари бизга яқиндан кўмак беришди.
Уларнинг ёрдамида Миср ва Ўзбекистон дўстлик ассоциацияси раиси, мисрлик профессор Магди Заабални топдик.
Бу инсон айни вақтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Илмий тадқиқот ва инновациялар марказида илмий тадқиқот қилиш баробарида академия талабаларга араб тилини чуқур ўргатаётган экан. Энг аввало, Магди Заабалнинг ва у орқали бугунги Миср халқининг Ўзбекистонга муносабатини сўрадик.
ЎЗБЕКИСТОН ВА МИСР: БУГУНГИ ҲОЛАТ
 
13.jpg
– Менинг фикримча, халқлар тарихида ҳеч бир нарса истиқлол каби қадрли бўла олмайди, – дейди профессор. – Чунки мустақиллик халқнинг хоҳиш-истаги, орзу-мақсадини акс эттириш баробарида келажагини ўз қўли билан қуриш имкониятини ҳам кафолатлайди.
Мен Миср ва Ўзбекистон дўстлик ассоциацияси раиси сифатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўплаб йўналишлар, хусусан, миллий-маънавий, диний-маърифий соҳада амалга ошираётган залворли ишларини юқори баҳолайман. Ўз навбатида мисрликлар ҳам Ўзбекистондаги жараёнларни катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтарди. Ҳозирда Миср халқи Ўзбекистон давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташрифини катта иштиёқ билан кутмоқда.
ЎЗБЕКИЯ БОҒИГА КИМ АСОС СОЛГАН?
 
– Ўзбекия боғи Мисрдаги энг асосий, йирик боғлардан ҳисобланади, – дейди профессор Магди Заабал. – Катта майдонни эгаллаган ушбу боғнинг тўрт тарафида кириш ва чиқиш эшиклари бор. 8.jpg
Боғда Мисрда илгари бўлмаган ғаройиб дарахтлар парвариш қилинган. Ҳозир ҳам кўплаб йирик ва қадимий дарахтлар сақланиб қолган боғни миллати ўзбек бўлган амир Ўзбек ал-Юсуфий барпо этган.
Боғнинг лойиҳасини франциялик архитектор Барилли Дешан ишлаб чиққан. У Италиядаги Болонья боғининг ҳам муаллифи ҳисобланади. Ўзбекия ҳам Болонья боғига ўхшатиб, лойиҳалаштирилган.
7.jpg
Бундан ташқари, боғ яқинида Амир Ўзбек ал-Юсуфий асос солган “Ҳай ал-Ўзбакия”, яъни Ўзбекия тумани ва ундаги муҳташам сарой ҳамон сайёҳларни ҳайратлантириб келмоқда.
Аҳолисининг асосий қисми ўзбеклардан ташкил топган туман ҳанузгача шу ном билан аталиб келинмоқда. Ҳозирда ҳам бу ерда ўзбек оилалари яшайди. Шошлик, бухоролик, фарғоналик оилалар юртлари номига нисбат берилган исмларини ҳамон сақлаб келишяпти.
Биздан бирмунча олис ўлкада, ҳозирга қадар сақланиб қолган боғда айни вақтда эса Миср Маданият вазирлиги таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.
БУ БОҒ НАПОЛЕОН БОНАПАРТНИ ҲАМ ҲАЙРАТГА СОЛГАН 
 
Кейинчалик Миср султони Муҳаммад Алининг ўғли Исмоил боғнинг жанубий қисмида иккита катта сарой қуради. Улар ҳозирда Франция комедия театри ва Опера уйи деб номланади.e912626e-8a21-487e-b37c-5470434567df.jpg
Бу боғ жуда кўркам ва катта майдонда жойлашгани учун мисрликлар йиллар давомида турли расмий ва норасмий маросимларни ўтказиб келмоқда.
Мисол учун, 1887 йилда Қиролича Виктория байрами кенг нишонланган. Аммо, боғнинг тарихидаги энг катта байрам – Муҳаммад Алининг султонлик тахтига ўтириши муносабати билан ўтказилган маросимдир.
1798 йил генерал Наполеон Бонапарт қўшини Александрияни эгаллаб олди ва Қоҳирага йўл олди. Бу шаҳарни ҳам эгаллаган Наполеон Бонапарт Ўзбекия боғи ва унда жойлашган саройни ўзи учун қароргоҳ деб эълон қилди.
МАМЛУКЛАР КИМЛАР ЭДИ?
 
Ўзбекия боғ ҳақидаги маълумотларга ойдинлик киритилгандан кейин, ”бу мамлакатга юртдошларимиз қайси йўллар билан, нима мақсадларда бориб қолган экан?” деган савол атрофида бош қотирдик. Бу фикрларга ҳам мисрлик профессор тарихий манбалар асосида жавоб берди.14.jpg
– Буюк Ипак йўли Ўзбекистоннинг қадим ва машҳур шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Фарғона, Тошкент ва Хивадан ўтиб, Ўрта ер денгизигача етиб борган. Бу йўлдан тижорат билан бирга Мовароуннаҳрдан Мисрга ва Мисрдан Мовароуннаҳрга маданият, санъат, ҳунармандчилик ва урф-одатлар ҳам етиб борган.
Ислом дини ва маданиятининг тарқалиши алоқаларни янада кучайишига хизмат қилди. Мовароуннаҳрдан борган кўпгина инсонлар Мисрга сафар қилиб, бу жойда муқим ўрнашиб қолди.
Тарихчиларимиз эса Соҳибқирон Амир Темир марказий Осиёни ягона қилиб бирлаштиргунга қадар бизнинг ҳудудлардан 5-8 ёшдаги болалар ўғирланиб ёки сотиб олиниб Мисрга қул сифатида олиб кетилгани ҳақида маълумот беришмоқда.
Искандария, Қоҳира каби йирик шаҳарлардаги мавжуд қул бозорларида ҳар йили 2-3 минг нафар қул сотилган. Уларни сотиб олган Миср ҳукмдорлари илмий, дунёвий, ҳарбий билимларини ошириш учун тарбиялашган экан. Шу боис мамлук, яъни мулкка айлантирилган ёш болаларнинг айримлари кейинчалик Миср тахтини бошқарди.
МИСРНИ ЎЗБЕКЛАР ҚАНДАЙ БОШҚАРГАН ЭДИ?
 
Ўзбеклар Мисрда ҳокимлик қилишди, нуфузли маҳкамаларда раҳбар, амир, қўшинга қўмондон бўлишди. Узоқ давр ичида Мисрнинг сиёсий-идоравий, ижтимоий-маданий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллашди.10.jpg
Улар орасидан Аҳмад ибн Тулун ва унинг ўғли Хуморвий, ҳозирги Фарғона водийсидан Мисрга борган Муҳаммад ибн Тугуж ал-Ихшидий, Султон Сайдуддин Қутуз, Султон Ойбек ва бошқаларнинг ҳам ҳукмронлик даврини мисрликлар унутгани йўқ.
Мисрда биринчи мустақил давлат ташкил этган Аҳмад ибн Тулун асли Бухорода туғилган бўлиб, у ҳукмронлик қилган йиллар, ҳижрий 254 йилларга тўғри келади.
Аҳмад ибн Тулун 38 йиллик ҳукмронлик даврида Миср Шарқдан Ироқ, Ғарбдан Марокашга қадар бўлган ҳудудларга чўзилган эди.
Ибн Тулун ўткир сиёсатчи, моҳир раҳбар ва ҳарбий эди. У бошқарган йиллар Мисрда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлди, одамлар хотиржам ва тўқ ҳаёт кечиришди. У деҳқончилик соҳасига алоҳида эътибор қаратди, янги йўллар қурдирди ва бу даврлар “Олтин давр” сифатида эътироф этилади.
Улар Мисрнинг тарихий учинчи пойтахти – Ал-Қатоия шаҳрини барпо этиш билан бир вақтда, ислом оламини византияликлар хатаридан сақлашди.
Яна бир ўзбек миллатига мансуб тарихий шахс Амир Абу Бакр Муҳаммад ибн Тоғоч Ихшидий ҳукмронлик қилган 35 йил ҳам Мисрда ҳозирга қадар юксалиш даври сифатида эътироф этилади.79d7bc52-5cc6-4da0-9d24-d72fe5b7c883.jpg
Мисрда ўзбеклар билан боғлиқ тарихда эсланадиган ажойиб тўй воқеаси ҳам бор. Бу аббосийлар халифаси ал-Мўътадднинг Аҳмад ибн Тулуннинг набираси малика Қатр ан-Надага уйланиши билан боғлиқ. Ушбу никоҳ маросими Қоҳирадан Бағдодга қадар давом этган ва ўзининг ҳашами, қувончи, довруғи билан адабиётлардаги эртакларга менгзалади. Тўйда Мисрдан Ироққа қадар чўзилган йўл четида турган аҳоли келинга совғалар улашгани, ўйин-кулги қилгани билан эсда қолган.
Ўз даврида бу каби қуда-андалик муносабатлари анча кўп учраган.
Масалан, Миср подшоҳи Носир Муҳаммад ибн Қалавун ўзбек билан дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳижрий 720 йилда ўзбек амираси Тўлиной (ёки Тулунхотин)га уйланган.
Шунингдек, Мисрдаги ўзбек амирлари ҳам Миср султонларининг қизларига уйланишди.
Масалан, амир Қусун Ўзбекий эллик минг динор маҳр бериб, подшоҳ Носир ибн Қалавуннинг қизига уйланди. Унинг ўғли Ўзбек ибн Тотоҳ ҳам подшоҳ Носирнинг Ўзбекхон қизидан туғилган қизига уйланган эди.
БУ ИНСОНГА ҚЎЙИЛГАН ҲАЙКАЛ ҚОҲИРАНИ БЕЗАБ ТУРИБДИ

12.jpg

Миср тарихида ўзбеклар бошқарган давр қанчалик улуғланишини профессорнинг завқ билан сўзлаётганидан ҳам билса, бўлади. Миср тарихи давомида ушбу мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўзбекларнинг фаолиятини акс эттирувчи кўплаб ёдгорликлар мавжудлигини фахр билан тилга олишимиз мумкин.
Албатта, Мисрда яшаган ва унинг юксалишга ҳисса қўшган аждодларимизнинг шонли ўтмиши ҳақида ҳикоя қилинганда Нилометр яратган, машҳур аллома ватандошимиз Аҳмад ал-Фарғонийни эсламай бўлмайди.
Сир эмаски, бу ҳақида тарихимизда узуқ-юлуқ маълумотлар учрайди. Бироқ, воқеаларнинг қандай бўлганини мисрликлар вакилидан эшитиш янада мароқли.
– Инсониятни 12 аср давомида ҳайратга солиб келаётган меъморий ёдгорлик – Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчаш қурилмаси – “Нилометр”дир, – дейди суҳбатдошимиз. – Нил дарёсидаги Равзо оролида ўша даврда қурилган ва ҳозирги кунгача сақланиб қолган бу ўта мукаммал сув ўлчаш қурилмаси Аҳмад ал-Фарғонийнинг астрономия, математика, геодезия каби фанлар билан бир қаторда, сув илмининг ҳам билимдони бўлганлигидан далолат беради. Тарихдан маълумки, ал-Фарғоний аббосийлар халифаси ал-Мутаваккилнинг буйруғи билан Нил дарёсида сув сатҳини ўлчайдиган иншоотни қуриш ва ишга тушириш учун 861 йилда Фустот, яъни ҳозирги Қоҳира шаҳрига борган. Қоҳирадаги Ал-Равзо туманида ушбу нилометр ҳамон мавжуд.
Буюк аждодингизга эҳтиром сифатида 2007 йилда мазкур объект ёнида унинг ихтирочиси Аҳмад ал-Фарғонийга ҳайкал ўрнатилди.
МИСРДА ЎЗБЕКЛАРНИ ЭСЛАТУВЧИ ЯНА НИМАЛАР БОР?
 
Яна бир ажойиб иншоот Аҳмад ибн Тулун қурдирган жомеъ (масжид-мадраса) бўлиб, у ҳозирда ҳам мамлакатдаги энг йирик масжидлардан бири ҳисобланади. Ҳижрий 265 йили қуриб битказилган ушбу мажмуа таркибига тарихи минг йилдан ошган Ал-Азҳар университети Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг энг яқин ҳамкори ҳисобланади.
Мисрдаги тарихий меъморий объектларда ўзбек меъморчилик ва қурилиш санъати намуналари ҳам кўп учрайди. Хусусан, Аҳмад ибн Тулун, Носир ибн Калавун каби масжидлар, Искандариядаги Қойитбой қалъаси сингари тарихий иншоотларда темурийлар давридаги меъморчилик санъати намунаси ҳисобланган Самарқандча усулдаги қуббалардан фойдаланилган.
ЎЗБЕКИЯ БОҒЛАРИ ҲАҚИДА ОЛИМЛАРИМИЗ НИМА ДЕЙДИ?
 
– 1966-1969 йилларда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида ишлаганман, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, тарих фанлари доктори, профессор Аҳаджон Ҳасанов.– Тўғри, Қоҳира марказида, яъни эски шаҳар ва янги шаҳар ўртасида Ўзбекия номли боғ мавжуд. 17.jpg
Ундаги Опера театрида машҳур ”Аида” спектакли биринчи марта қўйилган. Боғда китоблар сотиладиган йирик расталар ҳам бор эди. Лекин, унинг номи ўзбек миллатига боғлиқ эмас. Балки, ўз даврида лашкарбоши бўлган Ўзбекхон исми билан боғлиқ. У ботқоқ ерни султондан сўраб олиб, боғ яратган. Ахир, 1250 йилларда ўзбеклар деган миллат бўлмаган, лекин исми юқорида келтирилган инсонларнинг ватани ҳозирги Ўзбекистон ерларига тўғри келади.
БИЗНИНГ ФИКРИМИЗ…
 
Қадимдан маърифат марказларидан бири бўлган Ўзбекистон бугунги кунда ислом маданиятининг ноёб қўлёзма асарлари, буюк алломаларининг бебаҳо китоблари, гўзал ва бетакрор тарихий обидалари, қолаверса, уларга кўрсатилаётган улкан эътибор билан халқаро жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Ҳаттоки, бошқа давлатлар ва халқлар ўзларини Ўзбекистон билан боғловчи ришталар ҳақида сўзлашмоқда, баралла айтмоқда. 11.jpg
Шундай экан, олимларимиз юртимизнинг асл ва буюк тарихини аниқлаштириш борасида амалий ишларни бошлаши учун вақт келгандир. Бу борада хорижда яшаётган ва аждодларининг меросини ўрганиш учун вақтини қизғанмайдиган ватандошларимиздан кўмак сўраш вақти келгандир.
Президентимизнинг 2018 йил 25 октябрда қабул қилинган “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада энг яқин кўмакчи бўлишига ишонамиз.
Тарихга назар ташласак, дунёнинг кўплаб мамлакатларида юртимиз ўтмиши, аждодларимиз мероси билан боғлиқ ноёб ёдгорликлар учрайди. Шу каби аждодларимиз меросини халқимизга таништириб боришда республикамизнинг турли давлатлардаги элчихоналари яқиндан кўмак берса, айни муддао бўлар эди. 
Айни вақтда биз билан ҳамкорлик қилган ва суратларни етказиб берган Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакилларига миннатдорчилик билдирамиз.

 

Сайёра Шоева, ЎзА

  07.03.2019, 18:51  |    55 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!