Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этиш: ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечими» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги ҳудудий тиббиёт комиссиялари раҳбарлари, соҳага дахлдор бўлган вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, халқимизнинг ушбу соҳадан розилигини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давра суҳбатида Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини таъминлаш мақсадида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 441 тез тиббий ёрдам шахобчаси ташкил этилди. Шифокорларга фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун берилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида 126 қишлоқ врачлик пункти, 180 оилавий поликлиника «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди.

Давра суҳбатида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш йўналишидаги ислоҳотларнинг ижроси самарадорлигини таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда жорий этилган депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратининг бугунги ҳолати ва унинг натижалари танқидий таҳлил этилди.

Амалга оширилаётган ишларнинг самаралари билан бирга ечимини кутаётган камчилик ва муаммоларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини врачлар билан таъминлаш кўрсаткичи пастлигича қолаётгани қайд этилди. Бир неча оилавий поликлиникаларда ижтимоий дорихоналар ташкил этилмаган. Тез тиббий ёрдам бригадалари зарур тиббий асбоб-ускуналари билан тўлиқ таъминланмагани ҳамда баъзи тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлиги, ўз ишига нисбатан бефарқлиги, патронаж ва тез ёрдам хизмати тўлақонли олиб борилмаётганига эътибор қаратилди.

Тадбирда бу каби долзарб масалаларни ҳал этишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА