Ўзбекистон – Россия: Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда​

Ўзбекистон – Россия: Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда​

Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келди.
Ташриф доирасида 6 март куни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов делегация аъзолари билан учрашди.
Мулоқот чоғида тиббиёт, соҳада замонавий кадрлар тайёрлашдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини такомиллаштиришга давлат сиёсати даражасида қаралади. Сўнгги йилларда ушбу тизимда халқаро меъёрларни жорий этиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида туб ўзгаришлар олиб борилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда россиялик ҳамкорлар фаол иштирок этмоқда. Бунда олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар муҳим ўрин тутади.
Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизимини татбиқ этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олишдаги тажриба ва ислоҳотларни юқори баҳолади. Россия томони тажриба алмашиш, соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Делегация аъзолари Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида бўлиб, муассаса фаолияти билан танишди.
Бугунги кунда марказда юрак, жигар ва бошқа аъзоларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Кардиожарроҳлик бўйича кўрсатилаётган хизматлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, меҳмонлар “Akfa Medline” тиббиёт маркази мисолида мамлакатимизда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳам яқиндан танишди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар МаҳкамасидаРоссия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова билан учрашув бўлиб ўтди.
4.JPG
Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасида тиббиётда кадрлар малакасини ошириш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди. Ўзбекистонлик шифокорларнинг Россия етакчи тиббий муассасаларида малака ошириши ташкил қилинаётгани, соҳада илғор технологияларни қўллаш, ташхис қўйиш ва даволаш, мураккаб жарроҳлик амалиётидаги тажриба алмашишга қаратилган маҳорат дарслари ўтазиш мунтазамлик касб этгани таъкидланди.
Бугунги кунда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик фаол давом этмоқда. Келгуси ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда И.М.Сеченов номидаги Москва давлат тиббиёт университети филиалини очиш режалаштирилган. Ташкил этиладиган қўшма факультетларда бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Тиббиёт соҳасини молиялаштириш, логистика, соғлиқни сақлаш тизимини рақамли бошқарувга ўтказиш, ҳукумат даражасида қабул қилинаётган дастурлар аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Делегация аъзолари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, хусусий клиникалар, бирламчи тиббий ёрдам муассасалари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларида ҳам бўлиб, икки томонлама ҳамкорликка оид қатор учрашув ва музокараларда иштирок этди.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

  07.03.2019, 08:14  |    143 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!