Янги технологиялар дунёсига дадил қадам

Тошкентдаги Инҳа университетида DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan таълим дастурининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Microsoft корпорациясининг қизлар учун таълим соҳасида илм-фан, технология, муҳандислик ва математика соҳаларини такомиллаштирувчи мазкур DigiGirls дастури келгусида глобал иқтисодиётнинг муаммолари ва чақириқларига тайёр турувчи ходимларни тайёрлаш учун мўлжалланган.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Тошкентдаги Инҳа университети ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалоловлар мазкур таълим дастурининг мақсадлари хусусида тўхталиб, унда фаол иштирок этаётган 100 нафар иқтидорли қизнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилади.
– Замон кундан кун ривожланиб, технологиялар янгиланиб бормоқда, – дейди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. – Аёлларимиз, айниқса, ёш қизларимизнинг бу жиҳатдан ортда қолиб кетиши мамлакатимиз ривожига тўсқинлик қилиши мумкин. Шунинг учун бугунгидек тадбирларнинг аҳамияти катта. Яъни биз қизларимизга ёшлигидан ахборот технологияларини, уларни қўллай олишни ўргатиш энг керакли вазифалардан биридир.
Inxa-6-mart (9).jpg
Дастур доирасида иштирокчилар Microsoft корпорацияси мутахассисларидан виртуал ҳақиқат ва унинг тенденциялари, мобиль иловалар учун интефейс дизайнлари, касб танлаш ва муваффақиятга эришиш бўйича билим ва кўникмалар олди.
Тадбир давомида иштирокчилар Microsoftнинг Марказий ва Шарқий Европадаги бош менежери Анке Ден Оуденнинг DigiGirlsz дастурининг мақсадлари ва Microsoftнинг қизлар иқтидорини ошириш борасидаги фаолияти ҳақидаги онлайн маърузасини тинглади.
Бундан ташқари, дастур иштирокчилари ўз лойиҳалари тақдимотини ҳам намойиш этди.

 

Инобат Аҳатова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА