Ҳамюртимиз Бутунжаҳон қишки универсиадасининг финал босқичида иштирок этди

Хабар берганимиздек, Россия Федерациясининг Красноярск шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон қишки универсиада ўйинларида кеча ўзбекистонлик спортчилар ҳам ўз иштирокини бошлади.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 5 март куни “Сопка” номли спорт мажмуасида сноуборднинг параллел слалом-гигант йўналишида баҳслар ўтказилди. Мусобақа қайдномасида 18 давлатдан келган 26 нафар эркак ҳамда 19 аёл спортчи рўйхатдан ўтишган эди. Ушбу гуруҳда мамлакатимиз шарафини Екатерина Лябина ҳамда Жасур Маҳмудов ҳимоя қилишди.
photo5188432171763870182.jpg
Гарчи, Жасур мазкур йўналишдаги иштирокини квалификация босқичидаёқ якунлаган бўлса-да, Екатерина саралашдан муваффақиятли ўтиб, иккинчи босқичда ҳам ўз имкониятини синовдан ўтказди. Медаллар учун кураш қизғин кечган финал босқичида спортчимиз россиялик Наталья Соболевага имкониятни бой бериб қўйди. Якунда айнан Наталья мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди.
Бугун эса сноубордчиларимиз параллел слалом йўналишида ўз маҳоратларини намойиш этади.​​

 

ЎзА