Алишер Усмонов “Обод қишлоқ” дастурига 50 миллион доллар ажратади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Россия фуқароси, юртдошимиз Алишер Усмоновнинг мамлакат учун қилган ишлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Йиғилиш давомида Президент Наманганда Алишер Усмонов номидаги “Youth Business Center” бизнес маркази қурилиши ҳақида гапириб, бу ер Ўрта Осиёда ягона ёшларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатадиган жой бўлишини билдирди. Шунингдек, хорижлик мутахассислар ҳам ўз билим ва кўникмаларини ёшларга улашади.
“У (Алишер Усмонов назарда тутилмоқда) бу ерда замонавий бизнес марказ ва бизнес мактаб очади. Дунёга машҳур тадбиркор ўзига ўхшаш ёшларни тарбиялашда ёрдам беради. Бу иш учун хорижлик мутахассислар жалб этилади”, деган эди давлатимиз раҳбари.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев россиялик миллиардер томонидан Наманган вилоятига “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилиши учун 50 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам ажратилиши ҳақида маълум қилган.

 

ЎзА