Шавкат Мирзиёев: “Замонавий шароитларга эга шифо масканларини кўпайтириш зарур”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга оид қарорлари натижасида жойларда замонавий тиббий муассасалар ишга туширилмоқда. Наманган шаҳридаги “ANAMED” хусусий диагностика маркази ана шундай субъектлардан биридир.
Давлатимиз раҳбари Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу диагностика маркази фаолияти билан танишди.
Нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослашган ушбу марказ энг илғор диагностика ускуналари ва бошқа тиббий асбоблар билан жиҳозланган. Жумладан, охирги авлод УТТ аппарати ташхис аниқлиги ва функционал имкониятлари билан мамлакатимизда қўлланилаётган саноқли ускуналардан биридир. Шунингдек, марказнинг лаборатория, невропатология, радиология, эндокринология бўлимларида ҳам General Еlektrik, Siеmens каби машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган тиббиёт техникалари воситасида юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Кўчма рентген, нейрожарроҳлик столи, анестезиология ускунаси, микроиқлим ҳосил қилиш, ёритиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича энг замонавий қурилмалар билан жиҳозланган иккита жарроҳлик блокида жаҳон андозалари даражасида жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. Жонлантириш хоналари автоном коммуникация тизими билан таъминланган, бу хоналарда муайян беморга қулай ва зарур иқлим шароити яратиб берилади.
Бундан ташқари, ўтган йилда шифо масканига “Siemens Acison SC 2000” русумли кардиоУЗИ, Буюк Британиянинг “BTL” компаниясида ишлаб чиқарилган физиотерапия муолажаси, Швециянинг “Mirevarra” компаниясининг операция столи ва лампаси, Япониянинг “Fiji film” компаниясининг рақамли рентген каби замонавий ускуналари келтириб ўрнатилди.
Айни пайтда 52 ўринли стационар даволаш бўлимини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Муассасада замонавий ускуналар билан ишлай оладиган малакали кадрлар жамоасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада илмий-амалий ҳамкорлик бўйича Буюк Британия, Япония, Россия Федерациясидаги етакчи диагностика марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Ўтган давр мобайнида бир гуруҳ шифокорлар ушбу мамлакатларда малака ошириб қайтди.
Ўттиздан зиёд киши доимий иш билан таъминланган клиникада Ҳиндистон ва Россия Федерациясидан тажрибали шифокорлар ишга жалб этилган. Стационар ва физиотерапия бўлимлари ишга туширилиши билан яна 50 дан зиёд янги иш ўрни яратилади. Марказ ўз фаолиятини бошлагандан буён ўтган қисқа вақт мобайнида минглаб беморга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари касалликларни даволагандан кўра, уларнинг олдини олиш зарурлигини, тўғри ташхис қўйиш ва касалликларни эрта аниқлаш учун бундай диагностика марказлари муҳимлигини таъкидлади.
Шу ерда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Наманган вилояти ахборот-кутубхона марказини модернизация қилиш ва китобхонлик маданиятини ошириш концепцияси тақдимоти ўтказилди. Унга мувофиқ, вилоятда яна 50 та маҳаллада кутубхона, 12 та замонавий кўчма китоб дўконлари барпо этиш, 4 та “Библиобус” фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев аҳолига китобларни қулай тарзда етказиб бериш, Наманганда яшаб ўтган атоқли аллома ва адибларнинг асарларини нашр этиш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА