Қашқадарёда 534 тадбиркорлик субъекти фаолият юритмаяпти

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиевнинг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Қашқадарё вилоятининг шаҳар ва туманлари ҳокимлари томонидан маҳаллий Кенгашлар сессияларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан38 ҳисобот эшитилган.

Жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича шаҳарлар ва туманлар судлари раисларининг 26 маротаба ахбороти эшитилган.

Сайлов округларида сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда, фуқароларни қабул қилиш жараёнида кўтарилган масалалар ва муаммолар ечими юзасидан тегишли бошқарма, корхона ва ташкилот раҳбарларига 2018 йил давомида 192маротаба депутатлик сўровлари юборилган. Улар асосан йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва газ тармоқларидаги узилишлар масалалари билан боғлиқ.

Шу билан биргаликда вилоятни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд. Жумладан,вилоятда 16 минг 752 кичик тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 96,8 фоизи фаолият кўрсатмоқда. Фаолият кўрсатаётган корхоналарда жами 63 минг 258 киши иш билан таъминланган. Бироқ, 534 тадбиркорлик субъекти амалда фаолият кўрсатмаяпти.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА